Франциянинг Мец шаҳри полицияси полициячилар гуруҳига пичоқ билан ташланган шахсни ярадор қилди. Бу ҳақда маҳаллий амалдорларга асосланиб, Reuters агентлиги хабар бермоқда.
Агентликнинг қайд этишича, эркак ҳужум қилаётган вақтида «Аллоҳу акбар» дея бақирган. У полициячиларга пичоқ билан ҳамла қилган, полициячилар эса унинг ёнбошига жароҳат етказган.
Полиция маълумотларига кўра, ҳужум қилган шахс террорчилар билан алоқадорлиги учун кузатувда бўлган. Гумон қилинувчининг шахси ҳозирча ошкор этилмаяпти.
3 январь куни Париж чеккасидаги Вильжюифда 22-ёшли жиноятчи пичоқ кўтариб, ўткинчиларга ташланган эди. Ҳужум вақтида у «Аллоҳу акбар» дея бақирган. Маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида бир эркак ҳалок бўлган, икки аёл яраланган. Полиция ҳужум қилган шахсни ўлдирган.
Франция сўнгги йилларда бир неча бор террорчиларнинг ҳужумлари остида қолди. Энг йирик ҳужум 2015 йил ноябрида Парижда юз берган эди — ўшанда кетма-кет юз берган терактлар оқибатида 130 киши ҳалок бўлган эди.
Изоҳ (0)