Айни вақтда Ўзбекистонда 25 мингга яқин ҳунарманд бўлиб, уларнинг қарийб беш минг нафарига 141 миллиард сўмлик кредит берилди. Ҳозирда кредитларни молия муассасалари орқали расмийлаштирилиши давом этмоқда, деб ёзади ЎзА.
11 сентябрь куни ўтказилган матбуот анжуманида «Ҳунарманд» уюшмаси ҳузурида, ҳунармандчилик маҳсулотларини узоқ туман (шаҳарлар)дан харид қилиш ва йирик шаҳарларда сотиш ҳамда экспорт қилиш учун савдо-харид масалалари билан шуғулланувчи Craft and Art жамияти ташкил этилгани маълум қилинди.
Мазкур корхона мамлакатнинг туристик объектлари, диққатга сазовор жойлари, ҳудудлардаги ҳунармандлик марказларида ҳамда бир қатор бозорларда «Арт салон»лар яъни амалий ва тасвирий санъат асарларининг савдо-харид ишлари билан шуғулланувчи дўконлар ташкил қилади. Бундан ташқари, корхона чет эл ваколатхоналари, галереялар ва туристик фирмалар билан ҳамкорликда иш олиб бориш, чет элларда ўз филиалларини очиш ҳуқуқига ҳам эга.
«Уюшмамиз хотин-қизлар ўртасида ҳунармандликни ривожлантириш, ҳунармандликка оид билим ва кўникмаларини ошириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашмоқда, — дейди ‘Ҳунарманд’ уюшмаси раис ўринбосари Акобир Ҳакимов. — Шу мақсадда Тошкент вилоятининг ҳунармандлик кам ривожланган Оққўрғон ва Қуйи Чирчиқ, Тошкент шаҳрининг Чилонзор, Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани ва Термиз шаҳрида, Қашқадарё вилоятининг Қамаши, Наманган вилоятининг Норин ва Уйчи, Самарқанд вилоятининг Қўшработ ва Нуробод туманларида каштачилик, қўлда гилам тўқиш, оддий металлдан миллий услубдаги тақинчоқлар тайёрлаш, ўйинчоқлар, эсдалик буюмлари йўналишлари бўйича 2 ойлик бепул ўқув курслари ташкил этилди. Оққўрғон ва Қуйи Чирчиқ туманида ана шу курсларни битирган 100 га яқин хотин-қизга ҳунар ўргатилиб, бандлиги таъминланди».
Ҳозирда мазкур вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 12 та курс фаолият юритмоқда.
Изоҳ (0)