Мамлакатда минглаб суд қарорлари ижро этилмаётгани билан боғлиқ мурожаатлар сони ортмоқда. Бу ҳақда 2 август куни бўлиб ўтган Сенат мажлисида сенатор Абдуҳаким Эшмуродов маълум қилди.

Сенатор Абдуҳаким Эшмуродовнинг айтишича, аҳолида суд қарорлари ижро қилинмаётгани юзасидан эътирозлар кўпайган.
“Жорий йил 16 июнь куни давлат раҳбари раислигида ўтказилган йиғилишда суд қарорлари вақтида ижро бўлмаётгани юзасидан мурожаатлар кўплиги, ўтган йили МИБга юборилган ҳар бешта суд қароридан биттаси ижро этилмагани танқид қилинди. 2023 йилда ундирилган 15,16 трлн сўмлик 469 627 та ижро ҳужжатлари муддати, 2024 йилда 27,3 трлн сўмлик 573 930 та ижро ҳужжатлари муддати бузилган ҳолда ижро этилган. 2025 йил беш ойида алимент ундириш билан боғлиқ 27 849 та, қарз ундириш билан боғлиқ 9 082 та, суд қарорлари ижро этилмаётгани юзасидан 5 713 та мурожаат келиб тушган”, деди сенатор.
Абдуҳаким Эшмуродов алимент билан боғлиқ ижро ҳужжатлари кўпайиб бораётганини таъкидлади. Хусусан, 2024 йил 1 январда алимент ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари сони 298 540 та бўлган. 2025 йил 1 январга келиб, бу рақам 319 541 тага етган.
Таҳлиллардан аниқланишича, мурожаатларнинг аксарият қисми алимент ундириш (2023 йилда 69 058 та, 2024 йилда 72 642 та) ҳамда МИБ ходимлари хатти-ҳаракатлари устидан шикоятлар (2023 йилда 8 038 та, 2024 йилда 11 425 та) билан боғлиқ масалаларни ташкил қилган.
Бундан ташқари, 2025 йилнинг I чорагида 255 та ишга тиклаш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари ўз вақтида бажарилмаган. Ушбу ижро ҳужжатларининг аксарият қисми ички ишлар (80), солиқ органлари (18), таълим соҳаси (16), ҳокимликлар (14), соғлиқни сақлаш тизими (6) ҳиссасига тўғри келади.
Сенаторлар суд ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан МИБга парламент сўрови юбориш бўйича қарор қабул қилган.
Изоҳ (0)