АҚШ президенти Дональд Трампнинг таҳдидларига қарамай, Ҳиндистон Россиядан арзон нефть харид қилишни тўхтатмайди. Бу ҳақда ҳинд расмийларига таяниб The Guardian хабар берди.

Трамп 1 август куни матбуот анжуманида Ҳиндистон нефть импортини тўхтатгани эшитиб, бу яхши янгилик эканини айтган.
“Менимча, Ҳиндистон энди Россиядан нефть харид қилмайди. Шундай деб эшитдим. Бу тўғрими-йўқми, аниқ эмас. Лекин агар шундай бўлса, бу яхши қарор”, деган Трамп.
Аммо ҳинд расмийларининг таъкидлашича, бундай қарор ҳали қабул қилинмаган. Нефть импорти билан боғлиқ ҳар қандай қарор нарх, нефть тури, захиралар, логистика ва бошқа иқтисодий омиллар асосида белгиланади.
АҚШ президентининг юқоридаги баёноти Оқ уй Ҳиндистондан импорт қилинадиган барча маҳсулотларга 25 фоизлик бож жорий қилганидан бир кун ўтиб янгради. Шунингдек, Россиядан қурол ва энергия ресурслари харид қилган давлатларга нисбатан санкциялар қўлланиши ҳам эълон қилинган эди.
Трамп Россия президенти Владимир Путинга урушни тўхтатиш учун 8 августга қадар муддат берган. Акс ҳолда, Москвадан нефть харид қилувчи давлатларга нисбатан янги тариф санкциялари кучга кириши мумкин.
Аввалроқ Reuters Ҳиндистоннинг давлатга қарашли нефть компаниялари Россиядан нефть харидини вақтинча тўхтатгани ҳақида хабар берганди. Бироқ New York Times 2 август куни ҳинд ҳукуматидаги икки юқори мартабали расмийга таяниб, бундай кўрсатма берилмаганини билдирмоқда.
Ҳинд расмийларига кўра, Россия нефтига АҚШ ёки Европа Иттифоқи томонидан тўғридан-тўғри санкция қўйилмаган. Аксинча, G7 ва ЕИ давлатлари нефть нархига юқори чегарани белгиловчи механизм жорий этган. Бу Россия даромадларини чеклаб, глобал таъминотни ушлаб туришни кўзлайди.
Россия ҳозирда Ҳиндистоннинг энг йирик нефть етказиб берувчиси ҳисобланади. Умумий импорт ҳажмининг 35 фоизи шу давлат ҳиссасига тўғри келади. Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Рандҳир Жайсвал 1 август куни шундай баёнот берди:
“Биз бозордаги мавжуд таклифларни, нархларни ва глобал шароитни ҳисобга олган ҳолда харид қиламиз”.
У, шунингдек, Ҳиндистон ва Россия ўртасидаги барқарор ва синовдан ўтган ҳамкорлик алоқаларини эслаб ўтган.
Трамп: “Ҳиндистон Россия билан қулашда давом этиши мумкин”
Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида 30 июль куни Ҳиндистонни танқид қилувчи постлар қолдирган. У Ҳиндистон АҚШнинг дўсти бўлса-да, ҳарбий техниканинг асосий қисмини Россиядан харид қилгани ва Хитой билан бирга Россиянинг энг йирик энергия харидори бўлиб қолаётганини билдирган.
“Барчамиз Россияни Украинадаги қирғинни тўхтатишга чақираётган бир вақтда бу — жуда ёмон ҳолат”, деган Трамп.
Кейинги постда эса у шундай дейди:
“Ҳиндистон Россия билан нима қилса, ўзи билади. Икки иқтисодиёт бирга қуласа ҳам, менга барибир”.
Шу орада, 2 август куни Украина армияси Россия ҳудудида нефть объектларига зарба бергани, хусусан Рязандаги нефтни қайта ишлаш заводида ёнғин чиқаргани ҳақида маълумот берган. Ҳужум давомида нефть омбори, ҳарбий дронлар учун аэродром ва электроника заводи нишонга олингани айтилмоқда.
Изоҳ (0)