Хитойда илк бор Xueba 01 номли одамсимон робот Шанхай театр академиясининг аспирантурасига қабул қилинди. У кино санъати ва драматургия йўналиши бўйича таълим олади, деб ёзмоқда South China Morning Post нашри.

Мазкур гуманоид Шанхай фан ва технологиялар университети ҳамда DroidUp Robotics компанияси билан ҳамкорликда яратилган. Унинг “Xueba” номли хитойликлар орасида машҳур бўлган жаргон сўз бўлиб, бундай ибора аълочи, қизиқувчан ва масъулиятли талабаларга нисбатан қўлланилади.
Робот кўриниш жиҳатидан эркак кишига ўхшайди, унинг бўйи 175 см, сочлари қора. Унинг юз териси силикон материалдан ясалган бўлиб, эмоция ва юз ифодаларини реал инсонлардек намоён эта олади.

Xueba 01 жорий йил 27 июль куни Хитойдаги энг нуфузли санъат мактабларидан бири — Шанхай театр академияси (СТА) докторантураси учун расман қабул қилинган. Робот ушбу янгиликка изоҳ берар экан, ўзини “сунъий интеллектга эга санъаткор” деб таърифлади ва ўқиш давомида дўстлар орттириш, янги билимлар олиш ҳамда рақс ҳаракатларини мукаммал эгаллаш истаги борлигини билдирди.
Гуманоид учун виртуал талабалар гувоҳномаси ҳам аллақачон тайёрлаб қўйилган, машҳур рассом ва профессор Ян Цинцин эса унинг илмий раҳбари этиб тайинланган.

Xueba 01 бошқа талабалар билан бир қаторда дарсларга қатнашади, опера машғулотларида иштирок этади ва ўқиш охирида илмий диссертациясини ҳимоя қилади. Асосий фанлари эса актёрлик санъати, сценарий ёзиш ва декорация тайёрлаш бўлади. Робот ўқишни муваффақиятли якунлагач, сунъий интеллект театрида ёки музейда опера режиссёри бўлиши ёки ўзининг роботлар учун махсус санъат студиясини очиши мумкин.
Изоҳ (0)