Дональд Трамп ва Ким Чен Ин Сингапурда 12 июнь куни тонгда тарихдаги илк АҚШ ва КХДР саммити доирасида учрашди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.

Фото: EPA

Саммит Сингапурнинг бошқа қисмидан кўприк билан ажралган Сентоса курорт оролидаги «Капелла» меҳмонхонасида бўлиб ўтмоқда. Учрашув олдидан икки давлат етакчилари камералар олдида бир-бири билан қўл бериб кўришди.

Бирга-бир шаклидаги суҳбат, режалаштирилганидек, 45 дақиқа давом этди. АҚШ президенти музокаралар «жуда яхши» ўтгани ва «катта муаммолар»ни ҳал этиш имкони туғилганини билдирди. Шимолий Корея етакчиси билан муносабатларини эса «ажойиб» дея баҳолади.

Ўз навбатида, Ким Чен Ин ҳам Трамп билан тиғиз ҳамкорликдан манфаатдор эканлигини қайд этди.

Фото: EPA

Юзма-юз мулоқотдан сўнг кенгайтирилган таркибдаги саммит бошланди. Унда Корея ярим оролини ядро қуролидан холи этиш ва тинчлик кафолатлари, АҚШ ва Шимолий Корея муносабатларини изга солиш масалалари муҳокама этилиши кутилмоқда.

Қандайдир ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилмаган. Трампга кўра, мазкур учрашувнинг мақсади «жараённи бошлаб олиш»дан иборат.