Бугун, 7 июнь куни Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университетида Абдулла Қодирийнинг беш жилдлик «Тўла асарлар» тақдимоти ўтказилди, деб ёзади ЎзА.
Унда таниқли адабиётшунослардан Иброҳим Ғофуров, Саид Умиров, Баҳодир Ҳусанов, Баҳодир Карим, Усмон Азим, Шукур Қурбон, Сирожиддин Аҳмедов ва адибнинг авлодлари, невараларидан Хондамир, Ирфон, Шеркон Қодирийлар иштирок этди.
Адибнинг беш жилдлик тўла асарлар тўплами янги ва замонавий кўринишда нашр этилди. Тўпламни чоп этишга масъул бўлган Хондамир Қодирийнинг айтишича, ушбу тўпламни тайёрлашда бошқа нашрларда кузатилган адабиётшунос олимлар танқид остига олган хато ва камчиликлар бартараф этилган. Тўпламни адибнинг энг севимли асарларидан бири «Ўткан кунлар» очиб беради. «Меҳробдан чаён» кейинги жилдда берилган. «Диёри бакр» ва «Обид кетмон» асарлари ҳам ҳар бири алоҳида китоб сифатида жамланган. Якунловчи жилд «Адибни хотирлаб» деб номланиб, у мемуар сингари адибнинг замондошлари, издошлари, фарзандлари ва набиралари томонидан у ҳақда билдирилган фикрлар, архив материаллари ва хотиралар асосидаги воқеа ва фактларни жамлаган.
Янги беш жилдликда китобхон аввал ўқимаган маълумотларни ҳам топиши мумкин. Адибнинг ўша вақтдаги ёзган мақола ва фелетонларида кўтарилган муаммолар бугунги кунда ҳам долзарблигича қолмоқда.
Изоҳ (0)