Февраль ўртасида Исроил полицияси Голливуд продюсери ва исроиллик миллиардер Арнон Милченни, шунингдек, австралиялик миллиардер Жеймс Пекерни Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхуга сиёсий хизматлар эвазига Шампань виносидан тортиб, машҳурлар билан учрашувларгача бўлган ҳашаматли совғалар кўринишида пора берганликда айблади, деб ёзади Forbes.
Ўз ҳуқуқшуноси орқали эълон қилган баёнотида Милчен Нетаньяхуга совғалар берганини тан олди, аммо бу дўстлар орасида бўладиган оддий амалиёт эканлигини таъкидлади.
Хабарларга кўра, Исроил полицияси совғаларни 200 минг доллардан зиёдга баҳолаган ва Нетаньяхуга қарши порахўрлик айбловини илгари суришни тавсия қилган. Эълон қилинганидан кейин кўп ўтмай, бош вазир Нетаньяху телевидение орқали чиқиш қилиб, ушбу даъволарни асоссиз деб атади. Айни пайтда Исроил бош прокурори айбловни илгари суриш-сурмаслик борасида қарор қабул қилиши керак.
Исроил полицияси қайд этишича, Милчен совғалар эвазига олган сиёсий хизмат 2008 йилда исроиллик журналист ва сиёсатчилар орасида «Милчен қонуни» деб ном олган солиқ имтиёзлари ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши бўлган. Қонун янги муҳожирлар ва чет элда камида ўн йил яшаб қайтиб келаётган резидентларни чет элда ишлаб топилган даромад бўйича солиқ тўлашдан ўн йилга озод этишни назарда тутади.
Изоҳ (0)