Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев 16–17 сентябрь кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади. Ташриф доирасида Тошкент шаҳрида икки мамлакат ишбилармон доираларининг бизнес-форуми ва Қозоғистон миллий маҳсулотлари кўргазмаси ўтказилади, деб хабар қилади ЎзА.
16 сентябрь куни Тошкентдаги «Ўзэкспомарказ»да Қозоғистон миллий маҳсулотлари кўргазмаси ва икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форум ўтказилади. Унда Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг 500 дан ортиқ ишбилармонлари қатнашиши режалаштирилган.
Хусусан, Қозоғистоннинг қишлоқ хўжалиги, савдо-сотиқ, нефть-газ, фармацевтика, машинасозлик, кимё, қурилиш, озиқ-овқат, енгил саноат соҳалари ва хизмат кўрсатиш тармоқларида фаолият кўрсатаётган қарийб 120 етакчи компаниясининг 200 га яқин вакили иштирок этиши кутилмоқда.
Анжуман доирасида B2B форматида икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтади. Унда Қозоғистон делегацияси вакиллари Ўзбекистон давлат ва хусусий сектор масъуллари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича музокаралар ўтказади.
15–17 сентябрь кунлари «Ўзэкспомарказ»да ўтказиладиган Қозоғистон миллий маҳсулотлари кўргазмасида қўшни мамлакатнинг автомобиль, металлургия, фармацевтика сингари кўплаб саноат тармоқлари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намойиш этилади.
Изоҳ (0)