Хитойлик муҳандислар томонидан яратилган дунёдаги энг йирик сув самолёти AG600 ердаги синовлардан муваффақиятли ўтди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.
Хабар берилишича, ўтказилган синовлар самолётнинг биринчи парвозга тайёр эканлигидан далолат бермоқда.
AG600’нинг қуруқликдаги биринчи парвози май ойида ташкил этилади, йилнинг иккинчи ярмида сувдаги синовлар бўлиб ўтади. Самолёт фуқаро авиацияси эҳтиёжлари учун ишлаб чиқарилган. У ўрмон ёнғинларига қарши курашиш ва қутқарув операцияларини ўтказиш учун лойиҳалаштирилган.
Самолётнинг максимал учиш вазни 53,5 тоннани ташкил қилади. У 500 км/соат тезликда уча олади, парвоз узоқлиги 4,5 минг километр, ҳавода энг узоқ учиш вақти 12 соат. Самолётнинг узунлиги 36,9 метр, қанотлар кенглиги 38,8 метр. У қуруқликдаги аэродромларда ва сувда бир хил қўниб-уча олади.
AG600 20 сонияда 12 тоннагача сув тўплай олади, бир марта тўлиқ қуйилган ёқилғи билан 370 тоннагача сув таший олади. Учиш аппаратининг йўловчи ва юк ташишга мўлжалланган кўринишлари бор. Ҳозирги вақтда лойиҳа дунёда энг йирик ҳисобланади.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)