Лутфулла Тўраев
Сўнгги мавсумини «Фелда Юнайтед» клуби сафида ўтказган ва Малайзия вице-чемпиони бўлиб ортга қайтган ўзбекистонлик Лутфулла Тўраевга Шарқий Осиё ҳавоси ёқиб қолган кўринади. «Championat.asia» нашри маълумотига кўра, футболчи фаолиятини Малайзиянинг бошқа бир клуби «Теренггану» сафида давом эттиради.Маълумотга кўра, Тўраев янги клуби сафида ўртоқлик ўйинида майдонга тушиб, гол уришга ҳам муваффақ бўлган. Бу ҳолат «Теренггану» раҳбариятини қаноатлантириб, улар ўзбекистонлик футболчи билан шартнома имзолаган.
Аввалроқ Фарҳод Тожиев «Т-Тим» билан шартнома тузган бўлса, Дилшод Шарофутдинов шу клуб билан шартномасини узайтирганди. Ундан олдинроқ эса Бобур Акбаров «Куала Лумпур» футбол клуби билан келишувга эришганди.
Шавкат Саломов
Малайзиянинг «Т-Тим» клуби кўригида бўлган Шавкат Саломовга Шарқий Осиё ёқмаганми ёки шарқий осиёликлар Саломовни ёқтирмаганми аниқ эмас. Ҳар холда унинг айни вақтда Малайзияда эмас, Қозоғистонда экани аниқ бўлди.Ўзининг сўнгги мавсумини «Бухоро» клубида ўтказган ва мавсум якунларига кўра жамоанинг энг яхши футболчиси деб топилган Саломов «Футбол Экспресс»нинг қайд этишича, фаолиятини қўшни республикада давом эттиради. У айни вақтда «Атирау» машғулотларида иштирок этмоқда.
Шавкат Саломов учун Қозоғистон чемпионати бегона эмас. У 2013 йилги мавсум «Жетису» сафида тўп сурган, кейинги бир йилини эса Қарағанданинг «Шахтёр» клубида ўтказган.
«Локомотив»
Тошкентнинг «Локомотив» клуби сафида австралиялик футболчи пайдо бўлиши мумкин, деб ёзди «Championat.asia». Унинг ким эканига ойдинлик киритилмаган. Маълумки, жамоани австралиялик мутахассис Мирко Еличич бошқариб боради.«Локомотив» ҳозирга қадар икки нафар хорижлик футболчи билан шартнома имзолаб улгурган ва уларнинг ҳар иккиси ҳам Кот-д’Ивуардан. Австралиялик футболчи эса осиёлик легионер лимитини тўлдириши мумкин. Ўтган мавсум «темирйўлчилар» шарафини ҳимоя қилган туркманистонлик Артур Геворкян ва сербиялик Неманья Яничич «Локомотив» билан хайрлашиб улгурган.
Эслатиб ўтиш керак, «Локомотив»ни Геворкяндан ташқари яна уч нафар етакчи футболчи тарк этди. Сервер Жепаров Эроннинг «Истиқлол» клуби сафига бориб қўшилган бўлса, Темурхўжа Абдухолиқов ва Санжар Шоаҳмедовни Қатарнинг «Ас-Сайлия» клуби ўз сафига қўшиб олганди.
«Олмалиқ»
Туркияда йиғин олиб бораётган «Олмалиқ» футбол клуби Қозоғистоннинг «Акжайик» жамоасига имконият қолдирмади. Ўртоқлик ўйини ўзининг сўнгги тўрт мавсумини Қозоғистонда ўтказган мутахассис Виктор Кумиков шогирдларининг 3:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунига етди.Учрашувдаги голлар Забиҳилло Ўринбоев, Алибобо Раҳматуллаев ва Дилшод Жўраев каби футболчилар томонидан киритилди. Уларнинг бари ўз вақтида «Бунёдкор» сафида тўп сурган бўлиб, Сергей Лушчаннинг талабига жавоб бермагани учун Тошкент клубини тарк этганди.
Бунёдкор уйнадими?)
— Маъмур/Mamur (@mamurjon) January 17, 2017
"Олмалиқ" - "Акжайик" (Қозоғистон) 3:0
Голлар: Забиҳилло Ўринбоев 19, Алибобо Раҳматуллаев 64, Дилшод Жўраев 69
Изоҳ (0)