Санкт-Петербургнинг «Зенит» жамоаси ҳужумчиси Артём Дзюба ва дарвозабон Юрий Лодигин «Краснодар»га қарши (1:2) Россия чемпионати 15-тур ўйинидан кейин кийиниш хонасида муштлашиб кетди. Бу ҳақда «Чемпионат»га таяниб, Meduza хабар бермоқда.
«Зенит» клуби ушбу воқеани тасдиқламади. Шарҳловчи Константин Геничдан Twitter орқали футболчилар ўртасида можаро бўлган-бўлмагани ҳақидаги савол сўралганида, у «Бўлиши мумкин» дея жавоб қайтарди.
Ўйиннинг 86-дақиқасида Артём Дзюба ҳисобни очиб, «Зенит»ни олдинга олиб чиққан бўлса, ҳакам томонидан асосий вақтга қўшиб берилган дақиқанинг биринчисида Марат Измайлов ҳисобни тенглаштирди. Учрашувнинг сўнгги сонияларида Торнике Окриашвили акробатик услубдаги голи билан «Краснодар»га 3 очко тақдим қилди.
«Краснодар»нинг биринчи голи киритилган вазиятда «Зенит» ҳимоячиси Доменико Кришито хатога йўл қўйди, иккинчи голда эса питерликлар посбони Юрий Лодигин ҳаводан учиб келаётган тўпни жарима майдончасида муваффақиятли чиқара олмади.
«Sports.ru»нинг қайд этишича, «Краснодар» иккинчи голни урганидан кейин Артём Дзюба жамоадошларига қараб қўли билан номақбул хатти-ҳаракатларни амалга оширди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)