Германия техник назорат ассоциация (TÜV) автомобиллар ишончлилиги рейтингини (TÜV-Report 2017) эълон қилди. Бу ҳақда «Корреспондент.net» хабар бермоқда.
2—3 ёшли машиналар орасида етакчиликни Германиянинг Mercedes-Benz GLK кроссовери ва Porsche 911 спорт автомобили бўлишиб олди. Энг ишончли автолар бешлигини яна немис машиналари — Mercedes-Benz B-Class, Mercedes-Benz A-Class ва Mercedes-Benz SLK-Class якунлаб берди. Олтинчи ўринда Mazda 2, кейинги қаторларда Mercedes-Benz M/GL-Class, Opel Adam, Opel Mokka ва Audi Q5 қайд этилди.
Жанубий Кореянинг Kia Sorento ва Kia Sportage машиналари эса немислар ишончини қозонолмади.
4—5 ёшли автомобиллар орасида рейтингга Mercedes SLK, Audi A6/A7, Audi TT, Audi Q5 ва Porsche 911 киритилди. Mitsubishi ASХ эса олтинчи ўринга лойиқ кўрилди.
Чиқарилганига 6—7 йил бўлган машиналар сафида германиялик мижозлар Mazda 3, Porsche 911, Audi TT, BMW X1 ва Toyota Avensis автомобилларига ишонч билдирди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШнинг Consumer Reports нашри автомобилларнинг ишончлилик рейтингини тузган, унда Lexus ва Toyota устунлик қилганди.
Изоҳ (0)