Тошкент Фотосуратлар уйида Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб «Ўзбекистон хорижлик дипломатлар нигоҳида» деб номланган фотокўргазма очилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгаши томонидан Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамкорлигида ташкил этилган фотокўргазмада Хитой, Буюк Британия, Латвия, Жанубий Корея, Бангладеш, Индонезия каби мамлакатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари вакиллари, хорижлик меҳмонлар иштирок этди.
Кўргазмада мамлакатда фаолият кўрсатаётган дипломатик корпус вакиллари томонидан суратга олинган 160 фотосурат намойиш этилди.
Кўргазма иштирокчилари фотосуратларда Ўзбекистонни ёрқин ва ўзига хос, ноёб ва кўпқиррали ўлка сифатида тасвирлаган. Тарихий обидаларнинг маҳобатли образларида дунё тамаддунининг кўп асрлик қиёфалари ва муҳим даврлари акс эттирилган. Фотосуратларнинг катта қисми Ўзбекистоннинг меҳмондўст ва кўпмиллатли халқи ҳаётига бағишланган.
Изоҳ (0)