Россия Тергов қўмитасининг Самара вилояти бўйича тергов бошқармаси асранди ўғлини занжир билан боғлаб қўйган аёлга нисбатан жиноий иш қўзғади, дея хабар бермоқда «ТАСС» муассаса расмий вакилига таяниб.
«Аёлга нисбатан ‘Озодликдан ноқонуний равишда маҳрум қилиш’ моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилди. 29 июль куни у боланинг оёғига тахминан бир метрлик металл занжир ўраб, стулга қулф орқали боғлаб қўйгани аниқланди», — деди у.
Бола 9 ёшда бўлиб, уни саккиз ойлигидан буён ўз васийлигига олган аёл занжирбанд қилган.
Асраб олган аёл аниқлик киритишича, у уйдан 2—3 соатга чиқишига тўғри келгани учун болани занжир билан боғлаб қўйган, бола руҳий неврологик диспансерда рўйхатда туриб, мунтазам равишда даволанади, катталар йўқлигида эса уйдан қочиб кетиши мумкин. Унинг сўзларига кўра, бола ўзини агрессив тарзда тутади, бунгача ўғрилик қилган, ўт қўйиб юборган. Аёл, шунингдек, болани биринчи марта боғлаб қўйгани ва унга зўравонлик қилмаганини таъкидлади.
Тергов бошқармасида боланинг танасида жабрланганлик белгилари топилмаганини айтишди. Айни пайтда бола ижобий тавсиф берилаётган бу оиладан олиб қўйилди.
Изоҳ (0)