Ўзбекистонлик Сабина Шарипова Туниснинг Ла-Марса шаҳрида давом этаётган, соврин жамғармаси 25 минг доллардан иборат ITF туркумидаги Open de la Marsa теннис турнирининг яккалик баҳслари чорак финалчисига айланди.
Халқаро теннис федерацияси расмий сайтининг маълум қилишича, турнирнинг олтинчи ракеткаси сифатида таснифланган Шарипова яккалик баҳслари иккинчи даврасида австриялик Жулия Граберга қарши кортга чиқди ва 6:3, 6:4 ҳисобида зафар қучди.
Таққослаш учун, Сабина Шарипова WTA рейтингида 229, австриялик теннисчи эса 334-поғонани эгаллаб турибди.
Эслатиб ўтамиз, 21 ёшли ўзбекистонлик теннисчи дастлабки даврада россиялик Мария Марфутинани 5:7, 6:3, 6:3 ҳисобида мағлубиятга учратган эди. Чорак финалда Шарипова франциялик Шеразад Рейксга қарши баҳс олиб боради.
Шунингдек, россиялик Виктория Кан билан тандем ҳосил қилган Сабина жуфтликлар баҳси чорак финалида турнирнинг биринчи рақамли жуфтлиги – бразилиялик Лаура Пигосси ҳамда чилилик Даниэла Сегуэлга қарши кортга чиқиб, 5:7, 6:3, 10:5 ҳисобида ғалаба қозонди ва ярим финалга йўл олди.
Бунга қадар Шарипова/Кан тандеми жуфтликлар баҳси илк даврасида Дарья Чернецова (Беларусь) ҳамда Деа Хердзелас (Босния ва Герцеговина) дуэтини 6:0, 6:3 ҳисобида таслим қилганди. Ярим финалда Шарипова/Кан тандеми италиялик Кристина Фернандо ва Анастасия Грималска дуэти билан куч синашади.
Изоҳ (0)