Мадриднинг «Реал» футбол клуби Европа Чемпионлар Лигаси финалига йўл олди. Англиянинг «Манчестер Сити» жамоасига қарши ярим финал жавоб учрашувида Зидан шогирдлари 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Учрашувдаги ягона гол «Манчестер Сити» ярим ҳимоячиси Фернандо ҳисобига автогол сифатида ёзилди — «Реал Мадрид» ярим ҳимоячиси Гарет Бэйлнинг кучли зарбаси Фернандонинг оёғидан «транзит» бўлиб дарвозага бориб тушди.
Ўйинда Криштиану Роналду гол уришга роса ҳаракат қилди ва бир сафар, тўпга сакраб ета олмаслиги аниқ бўлиб қолганида, баскетболчасига гол уриб қўя қолди. Зиданнинг шими эса бу сафар йиртилмади.
Энди «Реал Мадрид» Европа Чемпионлар Лигаси финалида ўз ҳамшаҳари — «Атлетико Мадрид»га қарши баҳс олиб боради. Финал 28 май куни Италиянинг Милан шаҳрида бўлиб ўтади.