Футбол бўйича Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичи 6-туридан ўрин олган БААнинг «Ан-Наср»га жамоасига қарши учрашувдан сўнг Тошкентнинг «Локомотив» клуби устози Андрей Микляев ўз фикрлари билан ўртоқлашди, дея хабар бермоқда «Championat.asia» интернет-нашри.
«Локомотив» — «Ан-Наср» учрашуви 0:0 ҳисобидаги дуранг билан тугади. Мазкур натижа ҳар иккала клубнинг мусобақа нимчорак финалига чиқиши учун етарли бўлди. Қайд этиш жоиз, «Локомотив» ўз тарихида илк бор ОЧЛ плей-офф босқичига йўлланма олди.
«Гуруҳдан кейинги босқичга чиққанимиз билан ‘Локомотив’ раҳбарияти ва футболчиларини табриклайман. Ўзбек клублари анчадан бери гуруҳдан чиқа олмаган эди», — деди Андрей Микляев. Маълумот учун, Ўзбекистон клублари ОЧЛда 2008 йилдан бери фақат бир марта — 2015 йили гуруҳдан кейинги босқичга чиқа олмаган.
«Биринчи бўлимда гол ура олмадик. Бизда 3—4 та вазият бўлди, бироқ рақибимиз ‘автобус’ мисоли ҳимояланди, ҳимояда кўпчилик бўлиб ҳаракат қилди. Шу сабабли, тан оламан, иккинчи бўлимда натижа учун ўйнашга мажбур бўлдик», — деди «Локомотив» устози.
«Локомотив» ОЧЛ нимчорак финалида ўз ҳамшаҳари — «Пахтакор»га қарши тўп суриши мумкин эди, бироқ «Ал-Ҳилол» «пахтакорчилардан кучлироқ чиқди. 17- ва 24 май кунлари бўладиган нимчорак финал учрашувлари «Локомотив» энди «Ал-Ҳилол»га қарши баҳс олиб боради.
«Нимчорак финалда ‘Пахтакор’га қарши ўйнасак осон бўларди, деб ҳисобламайман. Лекин қизиқ бўларди. Қўшимчасига, Ўзбекистоннинг бир клуби чорак финалда ўйнаши кафолатланганарди. ‘Ал-Ҳилол’ эса кучли жамоа. Уларга қарши ўтган йили ҳам ўйнаганмиз. Бу жамоани ўрганиб чиқиш учун вақтимиз етарли», — деди «Локо» мураббийи.
«Локомотив» ОЧЛ гуруҳ босқичидаги сўнгги тур учрашувини ўз ўйингоҳида эмас, балки «Бунёдкор» стадионида ўтказди. «Биз бу стадионда гол уришга ҳаракат қилдик. Нимчорак финал учрашувини қайси стадионда ўтказишимиз ҳақида ҳозирча билмайман. Ўзимизга қолса, ўйинни ‘Локомотив’ стадионида ўтказишни истардик», — дея қўшимча қилди Андрей Микляев.