Футбол бўйича Осиё Чемпионлар Лигасининг «А» гуруҳида пешқадам бўлиб турган Тошкентнинг «Локомотив» клуби сўнгги тур учрашувини «Бунёдкор» стадионида ўтказади.
Қайд этиш керак, «темирйўлчилар» Ўзбекистон клублари орасида гуруҳ босқичини муваффақиятли якунлашга энг яқин турган жамоа ҳисобланади. «Локомотив» клуби раҳбариятининг «Дарё»га маълум қилишича, БААнинг «Ан-Наср» клубига қарши беллашув 4 май куни соат 20:00 да бошланади.
ОЧЛ регламентига кўра, гуруҳлардаги сўнгги тур ўйинлари бир вақтда бошланиши керак. Қолган беш тур давомида учрашувларни ўз майдонида ўтказаётган жамоа унинг вақтини ўзи белгилаб келади. Фақатгина сўнгги тур ўйинлари вақтини Осиё Футбол Конфедерацияси мезбон жамоалар таклифидан келиб чиқиб, ўзи танлайди.
«А» гуруҳининг 5-туридан кейин «Локомотив» 9 очко билан пешқадам бўлиб турибди. 4 май куни Тошкентга ташриф буюрадиган «Ан-Наср» 8 очко билан 2-поғонадан жой олган. Мазкур жамоаларнинг Дубайда бўлиб ўтган биринчи ўйинида 1:1 ҳисоби қайд этилганди.
Маълумот учун, сўнгги турдаги дуранг натижа «Локомотив»ни ҳам, «Ан-Наср»ни ҳам 1/8 финал иштирокчисига айлантиради. Ҳаттоки, эҳтимолий мағлубият «Локомотив»ни гуруҳдан олиб чиқиши мумкин. Бунинг учун 6 очко билан 3-ўринда бораётган Саудиянинг «Ал-Иттиҳод» клуби Уммонда бўлиб ўтадиган «Сепаҳон»га қарши ўйинда очко йўқотиши керак бўлади.
«Бунёдкор» стадионида ўзининг уй ўйинларини ўтказадиган «Бунёдкор» клуби эса 6-тур натижасидан қатъи назар гуруҳ босқичини муваффақиятсиз якунлайди. Сергей Лушчан жамоаси ОЧЛнинг «Бунёдкор» стадионида кечган гуруҳ босқичидаги сўнгги олти ўйинида рақиб дарвозасига гол ура олмаганди.
Изоҳ (0)