«Реал Мадрид» футбол клуби ҳужумчиси Криштиану Роналду фитнес-тестдан ўта олмагани сабаб, «Манчестер Сити»га қарши Европа Чемпионлар Лигаси ярим финал дастлабки учрашувида майдонга туша олмади, дея хабар бермоқда «Чемпионат».
Португалиялик футболчининг сон суягида муаммо борлиги сабаб, у Испания чемпионати доирасидаги «Раё Валекано»га қарши ўйинни ўтказиб юборган эди.
Роналду 25 апрель куни «Реал Мадрид» таркибида шуғулланган эди, бироқ 26 апрель куни олинган фитнес-тест футболчининг саломатлиги билан боғлиқ янги муаммолар борлигини кўрсатди ва бу муаммолар сабаб, Marca’нинг ёзишича, Роналду «Манчестер Сити»га қарши жавоб ўйинида ҳам қатнаша олмаслиги мумкин.
Роналду Европа Чемпионлар Лигасининг жорий мавсумдаги энг яхши тўпурари ҳисобланади, унинг ҳисобида ҳозирча 16 та гол бор.
Маълумот учун, «Манчестер Сити» ва «Реал Мадрид» ўртасидаги дастлабки учрашув 0:0 ҳисобидаги дуранг билан якунига етди, жавоб учрашув 4 май куни Мадридда бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)