Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси Денис Истомин Германиянинг Мюнхен шаҳрида давом этаётган BMW Open теннис турнирининг яккалик баҳсларида ўз иштирокини якунлади.
Мусобақа расмий сайтининг маълум қилишича, ўзбекистонлик теннисчи асосий тўр баҳсларининг илк даврасида чехиялик Лукаш Росолга қарши кортга чиқди. Икки соату 5 дақиқа давом этган беллашувда 6:7, 6:4, 7:6 ҳисоби қайд этилиб, Росолнинг фойдасига ҳал бўлди.
Таққослаш учун, Денис Истомин ATP рейтингида 73, Лукаш Росол эса 65-поғонани эгаллаб келмоқда.
Россиялик Михаил Елгин билан тандем ҳосил қилган 29 ёшли Ўзбекистон вакили жуфтликлар баҳси илк даврасида австриялик Филипп Освальд ва чехиялик Лукаш Росол дуэтига қарши баҳс олиб боради.
«Оламспорт»нинг хабар қилишича, BMW Open теннис турнирининг мукофот жамғармаси 520 070 еврони ташкил этади. Яккалик баҳсларининг биринчи даврасида қатнашган теннисчиларга 4 680 евро мукофот пули тақдим этилади.
Изоҳ (0)