Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги ҳарбий госпиталда икки ҳамширани ўлдиришда гумон қилинган оддий аскарлар Степан Даценко, Александр Томский ва Давид Зиганшинларга нисбатан айблов эълон қилинди. Бу ҳақда, РФ тергов қўмитаси Бош ҳарбий тергов бошқармаси баёнотига таяниб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
Терговчиларнинг версиясига кўра, ҳарбий хизматчилар 11 апрелдан 12 апрелга ўтар кечаси Мудофаа вазирлигига қарашли 442-ҳарбий клиник госпиталда кириш эшиги калитини тортиб олиш мақсадида икки ҳамширага ҳужум қилиб, уларни ўлдирган. Бундан ташқари, айбанувчилар тиббий бўлим беморларининг умумий қиймати 20 минг рублга тенг мобил телефонларини ўғирлаб, воқеа жойидан қочиб кетган.
Тилга олинган ҳарбийлар Финляндияга қочиб кетишга уринганида қўлга олинган. Улар умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкинлиги айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 12 апрель, сешанбага ўтар кечаси Санкт-Петербургдаги ҳарбий госпиталда икки нафар ҳамширанинг жасади топилган эди. Кейинчалик гумондорларнинг исми-шарифи аниқланди. Гумонланувчилардан икки нафарига олдинроқ «асабий реакция» ва «асабий ҳолат», учинчисига «психопатия» ташхиси қўйилган эди.
Изоҳ (0)