Непалдаги зилзила қурбонлари сони 8 мингдан ошди. Бу ҳақда Непал полицияси маълумотларига асосланиб ТАСС хабар бермоқда.
«Маҳаллий вақт билан 10 май соат 9:15даги маълумотларга кўра, зилзила натижасида 8019 киши ҳалок бўлган, 16033 киши тан жароҳати олган», - дея хабар берди Непал полицияси Facebook’даги ўз саҳифасида.
Аввалроқ Непал Қизил Хоч қўмитаси 8413 киши ҳалок бўлгани ва 17576 киши тан жароҳати олганини маълум қилганди, бироқ Непал ҳукумати ушбу маълумотларни ҳозирча тасдиқлагани йўқ.
Непалда 25 апрель куни 7,9 магнитудали зилзила рўй берганди. Шундан сўнг кучи 3,2дан 6,9 магнитудагача бўлган 90га яқин афтершоклар қайд этилди. Зилзила натижасида энг кўп зарар мамлакат пойтахти Катманду шаҳрига етган.
Бу ерда 1210 киши ҳалок бўлган, 4634 киши тан жароҳати олган. Марказий Синҳупалчок туманида эса камида 2991 киши ҳалок бўлиб, 852 киши тан жароҳати олган.
Зилзила натижасида Непалдаги 288 мингдан турар жой тўлиқ вайрон бўлган. Яна 254 минг хонадонга жиддий зарар етган.
Изоҳ (0)