Россия президенти фаолиятини маъқуллаш рейтинги йил бошидан буён биринчи марта тушиб кетди. Бу ҳақда Левада маркази (Юрий Леваданинг таҳлил маркази) маълумотлари гувоҳлик бермоқда.
22—25 август кунлари ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, россияликларнинг 84 фоизи давлат раҳбари фаолиятини маъқуллайди. 1—4 августдаги сўров якунларига нисбатан президентни қўллаб-қувватлаш кўрсаткичи 3 фоизга камайди. Шу билан бирга, Путиннинг ҳаракатларидан норозилар сони 2 фоизга ошиб, 15 фоизга етган.
Бундан ташқари, августда россияликларнинг «мамлакатдаги ишлар тўғри йўналишда кетаётганлиги»га нисбатан ишончлари камайган. Энди сўров иштирокчиларининг 64 фоизи (ой бошида — 66 фоизи) шундай фикр билдирган. Бунинг аксига ишонган россияликлар сони эса 19 фоиздан 22 фоизгача кўпайди.
Янги сўровда Россиянинг 46 минтақасида яшовчи 18 ёшдан ошган 1600 киши қатнашди.
Путиннинг рейтинги 2014 йил бошидан буён кескин кўтарилиб кетган эди. Левада маркази маълумотларига кўра, январь ойида уни фуқароларнинг 65 фоизи қўллаб-қувватлаган.
Изоҳ (0)