Исроил қурилиш вазирлиги Фаластин ҳудудларидаги яҳудий қишлоқларида 1500 та янги уйни қуриш учун тендер эълон қилди, дея хабар бермоқда Ҳааретз газетаси.
Вазир Ури Ариэлнинг баён қилишича, ушбу қарор Фаластинда ҲАМАС томонидан қўллаб-қувватланаётган янги ҳукумат шакллантирилганига Исроилнинг жавобидир.
«Кун»нинг қайд этишича, қурилиши режалаштирилаётган уйларнинг 400 таси Шарқий Қуддусда, қолганлари эса Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғида қад кўтаради.
«Исроил ҳукумати мамлакатнинг бутун ҳудуди бўйлаб турар-жой қуриш ҳуқуқига ва мажбуриятига эга», — деди Ариэл. Унинг қўшимча қилишича, янги қурилиш дастури Исроилдаги турар-жой нархларини арзонлаштиришга ҳам хизмат қилади.
Фаластин ҳудудларида яҳудий қишлоқларини қуриш ишлари 1967 йилги Олти кунлик урушдан сўнг, Исроил ҳукумати кўмаги билан бошланган. БМТ ушбу қишлоқларни ноқонуний ва халқаро қонунчиликка зид деб ҳисоблайди.