6 июнь куни Эрон шимолида йўловчи поезди юк поезди билан тўқнашиб кетди. Натижада камида ўн киши ҳалок бўлиб, яна ўнлаб кишилар жароҳатланди. Бу ҳақда «ИТАР-ТАСС» хабар берди.
Баъзи маълумотларга кўра, Эроннинг Машҳад шаҳридан Теҳронга қараб кетаётган поездда 300 дан ортиқ киши бўлган.
Тўқнашув Теҳрондан 350 километр шарқда жойлашган Дамган шаҳридаги темир йўл станциясида содир бўлди. Айни пайтда воқеа жойида қутқарув ишлари олиб борилмоқда, жароҳат олганларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Бироқ қурбонлар сони ортиши хавфи бор.
Станция ҳудудида поездлар ҳаракати тўхтатилди. Ҳалокат сабабларини аниқлаш ишлари бошланган.