Хитойда тўққиз киши террорчилик учун ўлим жазосига ҳукм қилинди, дея хабар берди Хитойнинг CCTV телеканали. Яна уч киши олий жазога икки йил муҳлат билан маҳкум этилди, бу қатлнинг умрбод қамоқ жазосига алмаштирилиши мумкинлигини билдиради.
Жами 81 киши устидан жиноий иш очилган. Уларнинг барчаси Синьцзян-Уйғур автоном тумани аҳолисидир. Улар террорчилик ҳаракатларини тайёрлашда, экстремистик ташкилотларга аъзоликда, шунингдек ўт қўйиш ва қотилликда айбланмоқда. Суд айбланувчиларга нисбатан турли қамоқ муддатлари белгилади. Ҳукмлар ҳақида батафсил маълумот берилмаяпти.
Ҳибсга олиш 22 май куни Синьцзян-Уйғур автоном тумани маъмурий маркази — Урумчидаги бозорда рўй берган террорчилик ҳаракатидан кейин бошланди. Ўшанда иккита автомобиль оломон устига юриб келган ва йўловчиларга машина ойналаридан портловчи воситаларни ирғитган. Натижада 43 киши ҳалок бўлган, 80 га яқин киши жароҳатланган. Ҳодисадан сўнг ХХР раиси Си Цзиньпин минтақада махсус операциялар режимини жорий қилди.
Хитой ғарбида жойлашган ушбу автоном туманда террорчилик ташкилотлари кенг фаолият олиб боради, улар ХХРдан алоҳида ажралиб чиқиш учун курашади.