Наманган вилоятида қора Gentra ҳайдовчиси пиёдани уриб, қочиб кетгани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят ЙҲХБ маълумот берди.
Унга кўра, ҳолат 11 февраль куни соат 06:40 ларда содир бўлди. Номаълум шахс ўзининг бошқарувида бўлган Gentra’да Наманган шаҳар, А.Темур кўчасида ҳаракатланиб, йўлни кесиб ўтаётган пиёда — Наманган шаҳрида яшовчи, 1958 йилда туғилган фуқарони уриб юбориб, ҳодиса жойидан яширинган.
Натижада пиёда олган тан жароҳати сабабли воқеа жойида вафот этган. Ҳолат юзасидан Наманган шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 117-моддаси 2-қисми ва 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Номаълум ҳайдовчини топиш бўйича ўтказилаётган тезкор қидирув ишлари юзасидан қора рангли Gentra’лар мутахассислар томонидан текширилиб, текширув якунлангандан сўнг рухсат берилмоқда.
Шу сабабли ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан одам ўлимига сабабчи бўлиб, жавобгарликдан қутулмоқчи бўлган ҳайдовчини топиш мақсадида ўтказилаётган тезкор қидирув ишларини ва бу борадаги ички ишлар органлари ходимларининг саъй-ҳаракатларини нотўғри талқин қилмасликлари сўралди.
Изоҳ (0)