Интерполнинг Ўзбекистон Миллий марказий бюроси ходимлари кузатуви остида халқаро қидирувда бўлган икки нафар аёл Маскат шаҳридан Тошкентга олиб келинди. Бу ҳақда Миллий марказий бюро хабар берди.

Маълум қилинишича, Уммон ҳудудида халқаро қидирувда бўлган икки нафар аёл ушланди. 23 май куни Ўзбекистон Интерпол Миллий марказий бюроси ходимлари томонидан уларнинг экстрадицияси амалга оширилди. Иккала аёл ҳам фирибгарлик ва одам савдоси билан айбланиб, қидирувда бўлган.
Фирибгарлик билан боғлиқ хатти-ҳаракати учун қидирувда бўлган шахсларни экстрадиция қилиш жараёнини амалга ошириш мақсадида кузатув гуруҳи Уммоннинг Маскат шаҳрига жўнаб кетди. Интерпол Маскат Миллий марказий бюроси вакиллари билан учрашув давомида Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан халқаро миқёсда қидирув эълон қилинган, одам савдоси билан шуғулланишда гумон қилинаётган яна бир аёл қўлга олингани маълум бўлди.
Ўтказилган учрашув натижасида соддалаштирилган экстрадицияни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
Шу тариқа қидирувдаги шахслар суд олдида жавобгарликка тортилиши ва муносиб жазо олиши учун Ўзбекистондаги Интерпол Миллий марказий бюроси ходимларига топширилди.
2024 йил декабрида Россия Қозоғистонга 7 миллион долларлик фирибгарлик ишида гумонланаётган ўзбекистонлик аёлни экстрадиция қилганди. 2025 йил февралида ўғрилик ва катта миқдорда товламачилик жиноятларини содир этганлик учун халқаро қидирувга берилган шахс Мисрдан Ўзбекистонга экстрадиция қилинганди. Бухорода фирибгарлик содир этиб қочиб юрган ўзбекистонлик март ойида Россияда ушланганди. Ўша ойда Тошкентда бир неча кишини калтаклаган эркак Қозоғистонда қўлга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинганди.
Изоҳ (0)