Куала-Лумпурдан Тошкентга Ички ишлар вазирлиги Интерпол Миллий марказий бюроси ходимлари ҳамкорлигида одам савдоси бўйича халқаро қидирувда бўлган ва кўп йиллар Малайзияда яшириниб юрган жиноятчи олиб келинди.
Қайд этилишича, ушбу аёл фирибгарлик йўли билан хорижда яхши маошли ишга жойлаштириб беришни ваъда қилиб, қизларни Малайзияга олиб бориб, ўз шериклари билан жабрланганларнинг паспортларини зўрлик билан олиб, фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлаган.
Гумонланувчи Интерполнинг Тошкент ва Куала-Лумпурдаги Миллий марказий бюролари ўртасидаги ҳамкорликдаги тадбирлар ҳамда тезкор-ахборот кўмаги, шунингдек, Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси дипломатик миссиясининг бевосита ёрдами натижасида қўлга олинган. Келишилган ҳаракатлар туфайли қидирувдаги аёлни қўлга олиш ва Малайзия расмлари жиноятчини Ўзбекистонга экстрадиция қилиш тўғрисида қарор қабул қилмагунча уни ҳибсда сақлаш мумкин бўлади.
Бош прокуратуранинг экстрадиция тўғрисидаги илтимосномаси ижобий кўриб чиқилиши натижасида қидирувда бўлган аёл судда адолат қарор топиши учун Тошкент шаҳрига етказиб олиб келиш мақсадида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига топширилган.
Экстрадиция ҳолатлари
2023 йилнинг март ўрталарида Латвияда ўзини элчихона ходими сифатида таништириб, одамларни чув тушириб юрган Ўзбекистон фуқаросини экстрадиция қилингани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, март охирларида Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси ходимлари томонидан халқаро қидирувда бўлган шахсни экстрадиция қилиш Швециядан биринчи марта амалга оширилди.
Апрель бошида эса Москва шаҳрида 13 йил олдин Ўзбекистонда содир этган жинояти учун халқаро қидирувда бўлган шахс қўлга олинганди.
Изоҳ (0)