Лоро Пианаънинг имтиёзли ва кашмир пардаси ортида нима яширинган? Миллиардерларнинг хотинлари нима учун кўз ёш тўкади? Икки килограмм ортиқча вазн учун сизни қандай қилиб кўчага ҳайдаб чиқаришлари мумкин? Бу ҳақда дунёдаги энг бой аҳолининг 1 фоизи даврасида узоқ вақтдан бери яшаб келаётган аёл ҳикоя қилиб беради.
Машҳур америкалик журналист аёл “Дўстлар ва душманлар” номли фош этувчи хотираларини нашр этди. Бу китоб бойлар ва муваффақиятли инсонлар ҳаётининг парда ортидаги томонларини яққол кўрсатиб беради. Барбара 1992 йил июлда медиамагнат Конрад Блекка турмушга чиқиб, элиталар оламига кириб борганда, “Бундай ҳаётга ўрганолмасам керак”, деб ўйлаганди. Бироқ ҳашамат уни аллақачон ўз домига тортиб улгурганди. Номсиз бармоғида 30 каратли бриллиант узук пайдо бўлиши биланоқ, дабдабали саёҳатлар, хусусий самолётлар ва яхталардаги базмлар бошланиб кетди. Аммо бундай дабдабанинг тўлови ҳам бор эди. Миллиардернинг рафиқаси сифатида у эри бизнес масалалари билан банд пайтда давлат раҳбарлари ва бошқа юқори мартабали шахсларни кутиб олиши ва кўнглини олиши лозим эди. Журналист сифатида у, албатта, қизиқарли суҳбатлар олиб бориши мумкин эди, бироқ тез орада маълум бўлдики, инвестиция банкирининг хотинидан бундан-да кўпроқ нарса кутишаётган экан.
“Супер бойлар мамлакатида бутун ҳаётингиз — уйларингиз, машиналарингиздан тортиб юзингиз, қоматингиз ва тақинчоқларингизгача — ҳамманинг назарига тушади”, дейди Барбара. Миллиардерлар ҳақиқий ҳашаматни кўтара оладиган оз сонли одамлар гуруҳи ҳисобланади. Заргарлик буюмлари, гуллар, санъат асарлари, сумкалар, уйлар, ботокс ва филлер ишлаб чиқарувчилар бундан фойдаланади: улар атайлаб маҳсулот миқдорини чеклайди, тақчиллик яратади ва миллиардерларнинг товарлар учун курашишини кузатади.
Бундай жойларда индивидуаллик маъқулланмайди. Ҳатто эрингиз кийган кийимингизга қарши бўлмаса ҳам, у учун атрофдагиларнинг фикри муҳим. Умуман олганда, миллиардернинг рафиқаси мукаммал кўриниши шарт. Ҳеч қандай ажин, сепкил ёки селлюлит бўлмаслиги керак. Нью ёрклик 73 ёшли миллиардер кичик Чарльз Стивенсон ҳатто турмуш ўртоғи билан тузилган никоҳ шартномасига уларнинг биргаликдаги ҳаёти давомида аёлнинг 5 фунтдан (тахминан 2,3 кг) ортиқ вазн орттириши тақиқланганини киритган.
Барбара Амиэл Блекнинг айтишича, у кўпинча эри эгалик қилган поло клубларини тарғиб қилиш билан боғлиқ бизнес сафарларга борган. Қизиғи шундаки, бундай тадбирларда хизмат кўрсатиш сифати ва мезбон сизга қанчалик эътибор қаратиши Forbes рейтингидаги ўрнингизга боғлиқ. Қанчалик паст поғонада бўлсангиз, сизни умуман пайқамасликлари ҳам мумкин.
Миллиардерларнинг “маникюрлари бир зумда ўткир тирноқларга айланиши мумкин бўлган” хотинлари билан танишув Барбарани ҳайратга солади. Биринчидан, улар уни жуда совуқ кутиб олишади. Чунки уларнинг 99 фоизидан фарқли ўлароқ, Барбара олий маълумотли бўлиб, эркаклар билан суҳбатлаша оларди, бу эса таҳдид сифатида қабул қилинарди. Иккинчидан, бойлар даврасида журналистлик касби “изқувар ит”га тенглаштириларди. Бундай одамларга ишонишмайди, чунки улар барча ифлос сирларни ошкор қилишлари мумкин. Бир куни Барбара ҳам қўлига қалам олишга мажбур бўлади — у эри фирибгарликда айбдор деб топилиб, қамоқ жазосига ва 125 минг доллар жаримага ҳукм қилинганида шундай йўл тутади.
“Миллиардерларнинг хотинлари даврасида кўзимга биринчи ташлангани умидсизлик ҳисси эди”, деб эслайди Барбара. “Лоро Пиана имтиёзлари ва кашмир пардаси ортида уларнинг “иш мажбуриятлари” доимо қайта кўриб чиқилаётгани ва кенгаяётганини англаш яширинган эди. Агар бу мажбуриятларни бажара олмасангиз, сизни чиқитга чиқариб ташлашади. Бу аёлларнинг кўпчилиги гўзаллиги туфайли миллиардерларга турмушга чиққан.
Агар миллиардернинг рафиқасига айланишдан олдин кийим-кечакни яхши биламан деб ўйласангиз, адашасиз. Либосингизнинг бир қаватига қанча кашмир ип кетишини, шунингдек, ўлчовингизга кўра либос яратиш учун қанча мато керак бўлишини билишингиз шарт. Акс ҳолда, сизга стандарт миқдордаги қимматбаҳо материал етказиб берилади. Ҳеч ким сизни бу кўплиги ҳақида огоҳлантирмайди.
Шунингдек, зинапояларни зарҳаллаш, деворқоғозларни қўлда бўяш ва интерернинг бошқа қисмларининг турлари ҳамда нархларини фарқлай олишингиз керак. Агар билмасангиз ҳатто дизайнер олдида ҳам сизга нафрат билан қарашади. “Ҳа, буюмлар шунча туради”, деб совуққина жавоб беради у, “Сен буни билишинг керак эди, аҳмоқ” деган маънода.
Фараз қилайлик, уйингизни дид билан безай олдингиз, бироқ синовлар бу билан тугамайди. Миллиардер хотинининг асосий вазифаларидан бири ўз доирасидаги одамлар учун қабул маросимлари ва зиёфатлар уюштиришдир. Муваффақиятсизлик эса обрўга путур етказади. Шу боис меҳмонларни лол қолдириш учун қаттиқ ҳаракат қилиш лозим. Яна бир муаммо шундаки, тадбирингизга кимлар ташриф буюришини олдиндан айтиш доим ҳам мушкул. Бойлар РСВП (таклиф қилинган шахсдан жавоб сўрови)га камдан-кам ҳолларда жавоб беришади. Демак, фақатгина омадга ишониб, зиёфатга иложи борича кўпроқ маблағ сарфлашдан бошқа илож йўқ. Бошқача йўл тутиб бўлмайди.
Энг яхши зиёфат ташкилотчилари агар уларга миллиондан кам пул таклиф қилсангиз, бармоқларини ҳам қимирлатмайди. “Бадавлат бир дўстим фақат гуллар учун шунча пул сўради. Ундан нархни туширишни илтимос қилишганда, у бошқа фирмага мурожаат қилишни маслаҳат берди”, дейди Барбара.
Зиёфатлар миллиардерлар учун ўз хотинлари билан мақтаниш имконияти ҳамдир. “Гўзал аёлларнинг эксклюзив йиғилиши — эркаклар учун ўзига хос мол бозори каби, деб ҳисоблайди Барбара. — Агар ҳаётингизда бирор нарсани ўзгартирмоқчи бўлсангиз, бу “молларни кўздан кечириш” учун ажойиб имкониятдир. Турмуши қанчалик мустаҳкам ва ишончли кўринмасин, аёл доимо қил устида туради”.
Бир куни Барбара Нью Йоркдаги замонавий пластик жарроҳлик клиникасининг қабулхонасида йиғлаб ўтирган миллиардернинг 32 ёшли гўзал хотинини учратиб қолади. Нима бўлгани ҳақида сўраганида, дугоналари ундан нафратланишини, чунки у ўзига ботокс қўйдириш ва қовурғаларини олиб ташлашдан бош тортгани ва шу тариқа “уларнинг ёшини фош қилгани” учунлигини айтади. Шунингдек, у эркакларга шишсирилган лаблар ва имплант кўкраклар ёқишини қўшимча қилади, чунки бу аёлга қанча вақт ва маблағ сарфланганини кўрсатар экан.
“Ҳозирда замонавий бойлар дунёси Барбара тасвирлаганидан бир оз фарқланади. У бошқа авлодга мансуб”, дейди Америка, Европа ва Хитойдаги ёш миллиардерлар билан ишлайдиган ню-ёрклик дизайнер Сандра Наннерли журналист ҳақида. “Ўша пайтларда (ХХ аср охири ва XXI аср бошларида) одамларни мавқе ва ташқи кўриниш кўпроқ қизиқтирган. Бугун мен ҳамкорлик қиладиган миллиардерларнинг хотинлари аксарият ҳолларда Айви лигаси университети дипломига эга ва хайрия ишлари билан шуғулланади”. Буларга, масалан, Марк Цукербергнинг рафиқаси Присцилла Цукерберг киради. Бироқ бундай ўзгариш учун бир неча ўн йиллар талаб этилди.
Барбара даврида миллиардерларнинг хотинлари на академик ютуқлари, на хайрия тажрибаси билан мақтана оларди.
“Менимча, уларнинг баъзилари илгари эскорт хизматида ишлаган”, дейди Барбара. “Бу ишда кун бўйи “акулалар” билан курашган эркакларга маъқул бўлган бўлса керак, шунинг учун уйда аёлларни фақат Чристиан Лиаигре мебелларига безак сифатида кўришни исташган.
Аёллар эса ўз навбатида, агар ташлаб кетилса, молиявий келажагини таъминлаш учун камида иккита фарзандни кетма-кет дунёга келтириш кераклигини тушуниб етишган. Ўша пайтларда ажралиш имтиёзли гуруҳдан четлаштирилишни англатарди. Бугунги кунда ҳам хотинлар тезда икки болали бўлади, лекин кейин ўзлари ажрашишга ариза беради, чунки никоҳда қолишнинг маъносини кўришмайди.
“Аста-секин яқиндан танишиб борган хотинларга ачиниб кетдим”, тан олади Барбара. “Улар бир вақтнинг ўзида ҳам зериккан, ҳам қўрқувда яшарди. Улар қаришдан қўрқишарди. Улар бир-бирларига ишонмасди”.
Изоҳ (0)