Тошкентдаги университетларнинг бирида таҳсил олувчи 21 ёшли йигит ижтимоий тармоқларда эълон жойлаб, фуқароларнинг буйрак, жигар ҳамда суяк илигини сотишда ёрдам беришини маълум қилган. Кунларнинг бирида мурожаатчилардан бирининг буйрагига харидор борлигини, бунинг учун у операцияга Германияга бориши кераклигини айтиб, харажатлар учун 350 доллар олган пайтда қўлга олинди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди мажлисларидан бирида маълум қилинди.
Талаба эълонини ўқиган мурожаатчи битта буйрагини сотмоқчилигини айтган. Талаба йигит бунинг учун донорга 38 минг доллар тўланишини билдириб, буйрак кўчириб ўтказиш операцияси Германияда бўлишини, сафар олдидан 350 доллар тўлаши кераклигини айтган. Талаба ушбу пулни олган вақтида тезкор тадбирда ушланган.
Суд ҳукмида ёзилишича, талаба ўз эълонида инсон буйрагини 38 минг долларга, жигарини 43 минг ҳамда суяк илигини 23 минг долларга олишини билдирган.
Талаба 2024 йил 26 апрель куни Шайхонтоҳур тумани ҳудудида фуқародан келишилган пулни олган вақтида ҳуқуқни муҳоқаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан ушланган. Унга қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Инсон тана аъзоларига харидор талаба судда бу ишни пулга муҳтож бўлиб қолгани сабаб қилганини, аслида Германияда ҳеч қандай танишлари йўқлигини, 350 долларни эҳтиёжига ишлатиб, кейин қайтариб бермоқчи бўлганини билдирган. Шунингдек, у акаси, синглиси ва ўзи талаба эканини, барчаси контракт асосида ўқишларини айтиб, суддан ўзига енгиллик беришни сўраган.
Суд ҳукми билан талаба Жиноят кодекси 25- (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш), 133-1-моддаси 1-қисмида (инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг олди-сотдиси) назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилган. Унга 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Изоҳ (0)