Бухоро вилояти Қоракўл туманида Lacetti уриб юборган икки пиёдадан бири вафот этди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳолат 2 октябрь куни соат 05:54 ларда Бухоро вилояти Қоракўл тумани “Эски қалъа” МФЙ ҳудудидан ўтувчи 4Р-76-сонли автомобиль йўлнинг 1-км да содир бўлган. О.М. бошқарувида бўлган Lacetti Қоракўл тумани марказидан автобошбекат томон ҳаракатланиб бораётган вақтида 15-сонли IDУМ тўғрисида жойлашган тартибга солинган пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган икки нафар пиёдани уриб юборган.
Ҳодиса натижасида бир нафар пиёда олган тан жароҳатлари оқибатида Қоракўл туман касалхонасида вафот этган. Иккинчи пиёда ҳозирги кунда касалхонада даволанмоқда.
Ҳайдовчига нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинган.
Бундан аввал Тошкентда BYD уриб юборган 9 ёшли мактаб ўқувчиси вафот этганди. Худди шу каби ҳолат 1 июль куни Навоий вилояти Хатирчи туманида содир бўлган. 140 км/соат тезликда ҳаракатланаётган BYD русумидаги автомобиль тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган 9 ёшли қизалоқни босиб кетиб, унинг бевақт ўлимига сабаб бўлганди.
Бундан ташқари, 3 июль куни Самарқанд туманида Nexia-2 русумли автомобиль йўлнинг белгиланмаган қисмидан югуриб ўтаётган 7 ёшли болани уриб юборган. Ушбу ҳодиса оқибатида эса 2017 йилда туғилган бола кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан шифохонада бевақт ҳаётдан кўз юмган.
Шунингдек, Тошкент вилоятида Cobalt 11 ёшли мактаб ўқувчисини уриб юборган эди.
Изоҳ (0)