Наманган вилоятида ўз жиянлари ва келинойисини “свет” ҳамда газ сабаб вахшийларча ўлдирган эркак умрбодга қамалди. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати “Дарё”га хабар берди.
Маълум қилинишича, судланувчи М.А.нинг отаси ўзининг укаси билан аввалдан уй-жой ва маиший низолар туфайли мунтазам жанжаллашиб келган ва оқибатда ҳар иккала оила аъзоларининг бир-бирларига нафрати ошиб борган. Шу боис укаси Россияга ишлашга кетган бўлишига қарамасдан, унинг оила аъзолари ўзлари яшаб келаётган хонадон орқали электр ва газ тармоғига уланган М.А.нинг уйини хонадон эгаларини огоҳлантирмаган ҳолда мунтазам газ ва электр тармоғидан ўзбошимчалик билан узиб қўйиб келган.
2024 йил 9 август куни соат 20:00 атрофида ўз уйига келган М.А. хонадони амакисининг турмуш ўртоғи М.Р. томонидан электр тармоғидан узиб қўйилганидан хабар топиб, бунинг учун ўч олмоқчи бўлган. Шу мақсадда келинойиси ва вояга етмаган фарзандларини қасддан ўлдиришни режалаштирган.
Режага кўра, шу куни ўзи яшаб келаётган хонадонда рўзғор учун фойдаланиладиган пичоқни олиб, соат 20:30 атрофида амакисининг хонадонига кириб, дастлаб хонадон ҳовлисида томорқа томонга ҳаракатланиб кетаётган, И.М.нинг 2011 йилда туғилган 14 ёшга тўлмаган фарзанди орқасидан югуриб етиб олиб, қўлидаги пичоқ билан ҳаёт учун муҳим аъзоси бўлган бўйин қисмига, сўнгра қорин ва кўкрак қисмларига ўта шафқатсизлик билан кўп маротаба санчиб, 29 маротаба жароҳатлар етказиб, уни қасддан ўлдирган.
Шундан сўнг хона эшигидан унинг ҳаракатларини кузатиб турган, сўнг жон сақлаш учун қочаётган М.Р.ни қасддан ўлдириш мақсадида ортидан ётоқхонасига қадар қувиб етиб олиб, бўйин ва кўкрак қисмларига кўплаб санчилган, кесилган жами 42 маротаба жароҳатлар етказиб, уни қасддан ўлдирган.
Бундан ташқари, унинг бу ҳаракатларидан қўрқиб, хонадон ошхонасига кириб яшириниб олган М.М.ни қасддан ўлдириш мақсадида қўлидаги пичоқ ёрдамида ичкаридан қулфланган ошхона эшигини очаётганида пичоқ сингани учун эшикни тепиб очган ва шу хонада стол устида турган ошхона пичоғини қўлига олиб, М.М.ни қасддан қорин ва кўкрак қисмларига кўплаб санчилган, кесилган жами 39 маротаба жароҳат етказиб, уни қасддан ўлдирган.
Суд ҳукмига кўра, у Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисмининг “а,в,ж” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва унга нисбатан фавқулодда жазо чораси — умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Пичоқлаш билан якунланган оилавий жанжаллар
Сурхондарё вилоятида эркак қайнукаси томонидан, Самарқандда 70 ёшли эркак 60 ёшли қайнукаси томонидан пичоқланганди. Бухорода эр жанжал сабаб хотинини пичоқлагани, Жиззахда эр рашк сабаб аввал хотинини, кейин эса ўзини пичоқлаб ўлдиргани, Вобкент туманида маст фуқаро қайнукасини пичоқлагани тўғрисида хабар берилганди.
- Чинозда 25 ёшли эркак хотини ва қайнанасини қасддан ўлдирди
- Фарғонада эркак бир гуруҳ дўстлари билан собиқ куёвини дўппослади
- Чинозда ука ўз опасини ўлдириб, 7 кун уйда сақлади
- Самарқандда қайнона келинини қувватлагич сими билан бўғиб ўлдирди
- Андижонлик ўқитувчи аёл пичоқлаб ўлдирилди. Гумонланувчи эр қўлга олинди
Изоҳ (0)