Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов “Дарё”га берган интервьюсида Денов тумани ҳокими ўринбосарининг ОАВ вакилларидан қочиб, уларнинг саволига жавоб қайтармаган ҳолатига ҳам изоҳ берди.
Матбуот котибим бу ҳолат бўйича хабар бериб, видеони кўрсатганда ҳайрон қолдим. Нимага у бундай қилган. Худдики бир боққа ўғри тушганда, қоровул ўғрини ушлаб олиб, қулоғидан тортадию, шундай бўлган-да. Елкасини қисиб, қочиб юрибди-да. Тўхтаб, салом берса, уни еб қўйишмайдию, “Мен фалон туман ҳокимининг ўринбосариман, ҳокимиятга боринг, нима истасангиз матбуот котибимиз жавоб беради. Ёки ўзим ҳам фалон пайтда бораман, биз мана бу ерни асфалт қиляпмиз, саволларга жавоб бераман”, деса олим гулистон-ку. Шапкасини бостириб олиб қочади. Роса танбеҳ бердим, чора ҳам кўрдим, дейди ҳоким ОАВ вакиллари саволидан қочган ўринбосар ҳақида гапирар экан.

Улуғбек Қосимов бугунги раҳбарлар ОАВ вакиллари саволига жавоб беришга тайёр бўлиши кераклигини, замонга мослашиши лозимлигини айтмоқда.
Президентимизга оммавий ахборот воситаларининг ролини оширгани учун мингдан минг раҳмат айтишимиз керак. Бугунги кунда ҳеч ким ҳеч нарсани яшира олмайди. Тезкор замон, ҳаммаси очиқ-ошкора. Битта қилинган хато иш ярим соатдан сўнг Telegramъда чиқиб туради, дейди ҳоким.
Вилоят раҳбари туман ва шаҳар ҳокимларининг ОАВга муносабати ва уларга қўйилган талаб ҳақида ҳам гапирди.

Барча туман ва шаҳар ҳокимларига Феcеbookъда саҳифа очиш ва юритиш мажбуриятини қўйдик. Мен юряпманми, ҳисобот беряпманми демак сизлар ҳам шундай қилишларингиз керак дейман. Ўзи энг ёмон кўрганим расмга тушиш, шуни ёмон кўраман. Бу (матбуот котибини назарда тутяпти — таҳ. изоҳи) тиндирмай расмга туширади. Нимага десам, Telegramъга қўйишимиз керак, ҳисобот беришимиз керак дейди. Қадам-бақадам, қаерга борсам расмга туширади. Шунинг учун буни туман ҳокимларидан ҳам талаб қиламиз. Туманда ҳоким қаерда юрганини, нима қилаётганини одамлар билсин, кузацин. Ҳоким кун давомида хонасида ётибдими, нима иш қиляпти, туманнинг қаерида юрибди? Аҳоли билиши керак-да. Шундай бўлмаса одамлар қаердан билади? Бизларни ҳам кун давомида одамлар кузатиб ўтиради. Ҳоким қаерга борди, нима деди экан, ким билан гаплашди экан, кимни уришиб, кимни мақтади? Кимни ишдан олди экан деб кузатиб ўтиришади, дейди ҳоким.
Вилоят раҳбари ҳудуддаги мурожаат ва муаммоларга ечим топиш учун жамоатчилик ёрдамига таянишини, вилоятдаги журналист ва блогерлар олиб чиқаётган масалалар асосан тасдиғини топаётганини, бу эса унинг ишини енгиллаштираётганини таъкидламоқда.
Бугун жамоатчилик жуда яхши ишламоқда. Мурожаатчиларнинг муаммолари 90 фоиз тасдиғини топади. Бугун ҳеч ким туҳматдан йўқ нарсани бўрттириб ёзмайди. Борасан асосли. Одамлар бекорга ёзмаяпти, бекорга мурожаат қилмаяпти. Лекин бир нарсани тан олиш керак ҳамма муаммони бирданига ҳал қилиб, қотириб ҳам қўёлмаймиз. Аммо максимал даражада ҳаракат қиляпмиз. Мана масалан бугун (16 август санаси назарда тутилмоқда — таҳр. изоҳи) 166 та мурожаатни ўрганиш ва ечимини қилиш учун 184 нафар масъулни бириктирдик. Бир ҳафтадан кейин истаган мурожаатчингизга телефон қилиб сўранг, ҳаммаси ечилган бўлади. Масъуллар буни сўрашимни, назорат қилишимни билади, дейди вилоят ҳокими.
Изоҳ (0)