Россиянинг нефть даромадлари апрель ойи ўрталарига келиб 2023 йил июлидан буён энг паст кўрсаткичга етди. Бу ҳақда Bloomberg Россия портларидан юкларни жўнатиш ва Уралс асосий экспорт нави нархлари тўғрисидаги маълумотларга асосланиб хабар берди.

АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо уруши фонида таъминот пасайиши учинчи ҳафтадан бери давом этмоқда. Бу глобал ўсишга ва шунга мос равишда нефтга бўлган талабга таҳдид солмоқда. Натижада 13 апрелда жўнатиш кунига 3,13 баррелгача камайган, бу февраль ойидан бери энг паст кўрсаткич бўлди.
Етказиб беришнинг умумий қиймати ҳафтасига 1,29 миллиард долларга тушган. Бундан олдин Argus нархлар агентлиги Уралс нархи бир баррел учун 50 доллардан пастга тушганини маълум қилганди.
Нашрнинг таъкидлашича, ОПЕК+ саккиз мамлакатининг нефть қазиб олиш бўйича чекловларни тезроқ бекор қилиш ҳақидаги кутилмаган қарори нархларга қўшимча босим ўтказади, аммо Москвага дарҳол фойда келтирмайди. Октябргача Россия компаниялари, агар улар ўз мажбуриятларини бажармоқчи бўлса, ўтмишдаги ортиқча ишлаб чиқаришни қоплаш учун қазиб олишнинг ҳозирги даражасини сақлаб қолишлари керак бўлади.
Уралс нархларининг ҳозирги даражаси хом ашёни етказиб беришда Ғарб танкерлари ва суғурта компанияларидан фойдаланишга имкон беради. Бу эса етказиб беришни осонлаштириши мумкин. Бироқ Россия бюджети хом ашёнинг анча юқори нархини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинган, ҳатто бюджет қоидасидаги кесиш нархи бир баррел учун 60 долларни ташкил этади. Бу шуни англатадики, агар Уралс арзонроқ сотилса, йўқотилган даромадлар Миллий фаровонлик жамғармаси (МФЖ) маблағлари ҳисобидан қопланади.
Аввалроқ Россия ҳукумати “Росстат” томонидан Россияда нефть ва газ қазиб олиш тўғрисидаги маълумотларни эълон қилиш бўйича амалдаги тақиқни 2026 йил 1 апрелгача узайтирганини маълум қилган эди.
“Газпром”нинг 2024 йилдаги соф зарари, бир йил аввалги 695,57 миллиард рубль фойда ўрнига 1,076 триллион рублни ташкил этгани хабар қилинганди.
Изоҳ (0)