Дунё бўйича 2024 йилда қурол-яроғга сарфланган харажатлар 2,718 триллион долларга етди, бу аввалги йилга нисбатан 9,4 фоизга кўп. Стокгольм халқаро тинчлик муаммоларини ўрганиш институти (SIPRI) тегишли тадқиқотни эълон қилди.

Тадқиқотга кўра, глобал ҳарбий харажатлар тарихий юқори даражага кўтарилди. Бу Совуқ уруш тугаганидан бери энг тез ўсишдир. Дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакати 2024 йилда ҳарбий харажатларини оширди.
Бюджетнинг бошқа соҳалари ўрнига, ҳарбий эҳтиёжларга устуворлик берилди. Бу эса иқтисодий ва ижтимоий соҳаларга узоқ йиллар давомида сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.
Украинадаги уруш, шунингдек, АҚШнинг НАТО доирасидаги иттифоқчилик мажбуриятларига содиқлигига шубҳалар Европада харажатлар ошишига таъсир қилган асосий омиллар бўлди, дейди тадқиқотчилар.
Умуман олганда, Европада (шу жумладан Россияда ҳам) мудофаа харажатлари 17 фоизга ошиб, 693 миллиард долларга етди. Бу Совуқ уруш тугаган даврдаги харажатлар даражасидан юқори. Европада ҳарбий харажатларни оширмаган ягона давлат Малта бўлди.
Россия, Украина, АҚШ ва Хитой неча пул сарфлади?
Россиянинг ҳарбий харажатлари 2024 йилда 149 миллиард долларга етди, бу 2023 йилга нисбатан 38 фоизга ва 2015 йилга нисбатан икки баравар кўпдир. Бу Россия ялпи ички маҳсулотининг 7,1 фоизини ва барча давлат харажатларининг 19 фоизини ташкил қилади.
Украинанинг умумий ҳарбий харажатлари 2,9 фоизга ўсиб, 64,7 миллиард долларга етди, бу Россия харажатларининг 43 фоизига тенг. Ҳарбий харажатлар мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 34 фоизини ташкил этди, бу дунёдаги энг юқори кўрсаткичдир.

Чекланган молиявий ресурслар шароитида Украинага мудофаа харажатларини янада ошириш қийин бўлади. Харажатларнинг ўсиши АҚШда ҳам кузатилмоқда. Мамлакат ҳарбий харажатларни 5,7 фоизга ошириб, 997 миллиард долларга етказди. Бу 2024 йилги жаҳон ҳарбий харажатларининг 37 фоизини ташкил этади.
Ҳарбий харажатлар ҳажми бўйича дунёда иккинчи ўринда турувчи Хитой мудофаа харажатларини 7 фоизга — тахминан 314 миллиард долларгача оширди ва кетма-кет 30 йил давомида ўсишни намойиш қилди.
Шунингдек, Марказий ва Ғарбий Европада ҳарбий харажатларнинг мисли кўрилмаган даражада ошиши кузатилмоқда. Германия харажатлари 28 фоизга ошиб, 88,5 миллиард долларга етди, бу эса уни минтақадаги энг йирик ҳарбий харажат қилувчига айлантирди. Польшаники эса 31 фоизга ошиб, 38 миллиард долларни ташкил қилди, бу мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 4,2 фоизини ташкил этади.

Исроилнинг ҳарбий харажатлари 2024 йилда 65 фоизга ошиб, 46,5 миллиард долларни ташкил этди. Бу 1967 йилдаги Олти кунлик урушдан бери энг тез йиллик ўсишдир. Сабаби яҳудий давлати Ғазода урушни давом эттирди ва Ливан жанубидаги “Ҳизбуллоҳ” билан зиддиятни кучайтирди.
Ливаннинг ҳарбий харажатлари иқтисодий инқироз ва сиёсий тартибсизликлар туфайли бир неча йиллик пастроқ харажатлардан сўнг 2024 йилда 58 фоизга ошиб, 635 миллион долларга етди.
Эроннинг ҳарбий харажатлари 2024 йилда реал ҳисобда 10 фоизга камайиб, 7,9 миллиард долларни ташкил этди. Санкцияларнинг Эронга таъсири унинг харажатларни ошириш имкониятларини кескин чеклаб қўйди.
Саудия Арабистони 2024 йилда Яқин Шарқдаги энг йирик ҳарбий сармоядор ва дунёдаги еттинчи йирик сармоядор бўлди. Унинг ҳарбий харажатлари 1,5 фоизга ошиб, тахминан 80,3 миллиард долларга етди, аммо барибир мамлакатнинг нефть даромадлари энг юқори чўққига чиққан 2015 йилга нисбатан 20 фоизга камайди.
Изоҳ (0)