Миграция агентлигининг собиқ раҳбари Афзал Эрматов оқланди. У 14,5 млрд сўмни ортиқча ундирганлик ва жиноий даромадларни легаллаштириш айбловлари билан қамалганди.

Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2025 йил 8 апрелдаги ҳукми билан Афзал Эрматов айбсиз деб топилган ва реабилитация қилинган. Жиноят ишининг унга оид қисми тугатилган.
Афзал Эрматов 2022 йил 17 мартдан 27 майга қадар Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи вазифасини в.б., 2022 йил 27 майдан 2023 йил 2 январгача эса агентлик бошлиғи лавозимида ишлаган. У 2023 йил 2 январда ушланиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Эрматов бошқа шахслар билан тил бириктириб, Кореяга меҳнат мигранти сифатида кетаётган фуқаролардан ортиқча пул ундирганликда айбланган.
Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2024 йил 13 майдаги ҳукми билан Афзал Эрматовга 3 йил масъул мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2024 йил 30 июлдаги ажримига кўра, биринчи инстанция суди ҳукмининг Афзал Эрматовга оид қисми ўзгартирилиб, у жиноий ҳодиса юз бермагани сабабли Жиноят кодексининг 243-моддасида (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) назарда тутилган жиноятни содир этишда айбсиз деб топилган ва оқланган.
Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 4-қисми “а,в” бандлари, 168-моддаси 4-қисми “а,в” бандлари (фирибгарлик жуда кўп миқдорда; уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса) билан унга 3 йил миграция соҳасида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 180 млн сўм жарима жазоси белгиланган.
Қамоқда сақланган 576 куни тайинланган жазодан чегирилиб, жарима жазоси 93 млн 600 минг сўмга туширилган ҳамда Ирматов дарҳол суд залида қамоқдан озод қилинган.
Суд ҳукмида Афзал Эрматов 2022 йил январь декабрь ойлари давомида фирибгарлик йўли билан бойлик орттириш мақсадида Жанубий Кореяга меҳнат мигранти сифатида кетиши аниқ бўлган фуқаролардан авиачипта учун ортиқча пул маблағларини қўлга киритиш борасида уюшган гуруҳ ташкил этгани келтирилган.
Ҳукмда у гуруҳ аъзолари билан 2022 йилнинг 6 январидан 19 декабрга қадар бўлган вақт оралиғида Жанубий Кореяга кетган фуқаролардан ортиқча йиғилган жами 14 млрд 416 млн сўмни қўлга киритиб, тақсимлаб олгани айтилган.
Изоҳ (0)