“Б” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга ўзбекистонликлар Словакия автомобиль заводларида кара ҳайдовчиликка (погрузчик) ишга таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда Миграция агентлигининг Telegram’даги “Хорижда иш” эълонлар канали хабар берди.

Маълум қилинишича, 18—45 ёшдаги эркаклар учун 100 та иш ўринлари таклиф қилинмоқда. Ойлик 950 евро (14 млн сўм атрофида) бўлиб, иш ҳажмига қараб турли бонуслар ҳам берилади.
Иш ҳафтасига 5 кун, 3 сменада олиб борилади. Ходимга ижтимоий ҳимоя, тиббий суғурта тақдим этилади. Ишчи виза, кетишдан олдинги ўқув курслари ҳамда Словакияга бориш харажатлари номзод томонидан қопланади.
Номзодлар рус тилини ёзма ва оғзаки билиши, автокарада ишлаш бўйича камида 6 ойлик тажрибаси бўлиши, икки босқичли (назарий ва амалий) имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиши ҳамда Ўзбекистон ёки Шенген ҳудудида судланмаган бўлиши талаб этилади.
Рўйхатдан ўтиш 17 апрель соат 17:00 гача давом этади. Дастлабки саралашдан ўтган фуқаролар йўл ҳаракати қоидалари бўйича тест ҳамда карада амалий машқларни бажаради. Ушбу йўналишлардан ўтган тақдирда иш берувчи томонидан танлаб олинади.
Батафсил маълумот учун қуйидаги рақамлар орқали Мигация агентлиги билан боғланиш мумкин: 1282, 71 202−33−55.
Хорижга ишга таклифлар:
Апрель ойида Германия ва Ўзбекистон ўртасида миграция соҳасида уч томонлама меморандум имзоланди. Ҳамширалар учун АҚШда иш ўринлари бор. 2030 йилгача АҚШда 1 миллиондан ортиқ ҳамшираларга талаб мавжуд бўлиб, олий малакали ҳамшираларга йилига 44 мингта қонуний ишчи виза ажратилади. Татаристон “Алабуга” корхонаси Ўзбекистондан 10 минг меҳнат мигрантини ишга жалб этмоқчи.
Изоҳ (0)