Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи раҳбари Муҳаммад Синварнинг жасади Ғазо сектори жанубидаги Хон Юнус туннелидан топилди. Бу ҳақда манбаларга таяниб, Al Arabiya ва Al-Hadatҳ телеканаллари хабар берди.

Синвар билан бирга унинг 10 нафар ёрдамчисининг жасади аниқлангани айтилмоқда. Исроил ҳужумида “Рафаҳ” бригадаси командири Муҳаммад Шабана ҳам ҳалок бўлгани маълум қилинган. ҲАМАС бу хабарларга расман муносабат билдирмаган.
Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац эса Муҳаммад Синвар бир неча кун олдин авиазарба оқибатида ўлдирилганини айтган. Бироқ бу маълумотнинг расмий тасдиғи йўқлигини таъкидлаган. Фаластин манбаларига кўра, 18 майга ўтар кечаси Ғазонинг марказий қисмида Исроилнинг ҳаво ҳужуми оқибатида Муҳаммаднинг укаси Закариё Синвар ўлдирилган.
Марҳумлар ҲАМАСнинг марҳум етакчиси Яҳё Синварнинг укалари бўлган. Яҳё Синвар 2017 йилдан буён Ғазо секторида ҲАМАСни бошқарган. У гуруҳнинг Исроил Ғазога бостириб киришига мудофаавий жавобини бошқарган ва ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларда қатнашган. Синвар 2024 йилнинг июль ойида ҲАМАС сиёсий етакчиси Исмоил Ҳания ва Ғазода юқори даражали қўмондон Муҳаммад Деиф ўлдирилганидан сўнг ҲАМАСга раҳбарлик қилганди. У 2024 йил 16 октябрь куни Исроил операцияси оқибатида вафот этган.
Изоҳ (0)