3 ноябрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан космонавт жуфтлик — Терешкова ва Николаевнинг тўйи, ишқий муносабатлари учун импичмент эълон қилинган Билл Клинтон ҳамда ичида БМТ бош котиби бўлган самолётнинг ҳалокатига оид фактлар ўрин олган.
Терешкова ва Николаевнинг «космик» тўйи
1963 йил 3 ноябрь куни тушдан 20 дақиқа олдин Грибоедов никоҳ саройига иккита «Чайка» ва кўплаб «Волга»лардан иборат байрам кортежи келиб тўхтайди. Совет даври инсони дарҳол жуда машҳур ёки обрўли инсон оила қураётганини тушуниши мумкин эди. Бироқ автомобиль эшиклари очиганда, тасодифий томошабинлар ҳайратдан ёқа ушлайди: машинадан мамлакатнинг асосий қаҳрамонлари, биринчи космонавтлар — Юрий Гагарийн, Герман Титов, Валерий Биковский тушиб келган. СССР учувчи-космонавти, Совет Иттифоқи қаҳрамони Валентина Терешкова СССР учувчи-космонавти, Совет Иттифоқи қаҳрамони Андриян Николаевга турмушга чиқаётганди.Биринчи «космик тўй» ҳақида кўплаб совет газеталари ёзган. Аммо халқ учун расмий маълумот камлик қилар, шу сабабли ҳозирга қадар тилдан тилга ўтиб келувчи миш-мишлар тарқалган. Улардан бирига кўра, Терешкова ва Николаев партия раҳбари Никита Хрушчёвнинг буйруғига кўра оила қурган. Шунингдек, космонавтларнинг фарзанд кўриши илмий тажриба экани ҳам айтилган.
Андриян Николаев ҳам, Валентина Терешкова ҳам ўзларининг муносабатлари ҳақида ҳеч нарса демагани боис миш-мишлар тарқалиши давом этган. Совет халқи учун уларнинг ажрашиши ҳам худди никоҳи каби кутилмаган бўлган.
Ишдаги ишқ. Космик версия
Фақат эркакларда иборат биринчи космонавтлар бўлинмасидан фақат уйланган эркаклар ўрин олганди. Шу боис аёл кишини космосга юбориш ғояси пайдо бўлганида ва номзод қизларни танлаш бошланганида совет космик дастури раҳбарияти «ишдаги ишқ» юз беришини кутмаганди. Ва хато қилишган. Юрий Гагарин ҳамда унинг ҳамкасблари роҳиб эмасди, шу сабабли ёнларида пайдо бўлган қизларни эътиборсиз қолдирмаган.
Ярославл вилоятида бўлган Терешкова машҳур фильмдаги ўхшатишга мос келган: «комсомолка, спортчи, соҳибжамол». Тўғри, унинг Юрий Гагарин билан ишқий муносабатлари ҳақида турли гап-сўзлар мавжуд, аммо буни исботлайдиган бирор-бир факт йўқ. Терешкова ва биринчи совет космонавтлари орасидаги ягона бўйдоқ ўртасидаги севги қандай пайдо бўлгани маълум эмас.
1963 йил 22 июнь куни Москвадаги Қизил майдонда Валерий Биковский ва Валентина Терешкова бошқарган «Востик-5» ҳамда «Восток-6» космик кемаларининг парвози муваффақиятли якунлангани шарафига митинг ўтказилган. Мавзолей трибунасида турган Валентина Николаев билан гаплашиб турган. Уларнинг ёнида Гагарин Хрушчёвга жуфтликни кўрсатиб, шундай деган: «Уларни трибунадан тўғри Никоҳ уйига жўнатиш керак».
«Уларни Никоҳ уйига юборишга ҳаққим йўқ, буни ўзлари ҳал қилсин. Аммо мени тўйга таклиф қилмасаларинг ҳам, барибир бораман», — дея жавоб қайтарган Совет Иттифоқи раҳбари.
«Уни ҳали тарбиялаш керак»
Генерал Каманин ўз кундалигининг 7 октябрь санасига боғлиқ хоиталарида жуфтликнинг муносабатлари ҳақида ёзиб қолдирган: «Николаевга у ҳали ҳеч нарсага боғланмаганини ва никоҳдан воз кечиши мумкинлигини айтдим, аммо уни чўзиш имконсиз — йигит Валяни жуда ноқулай аҳволга солиб қўйди. Николаев нима сабабдан никоҳни расмийлаштиришни чўзаётганини тушунмайман. Бу мавзу ҳақида у билан беш марта гаплашдим, у эса ҳар сафар тўғридан-тўғри деб жавоб беришдан қочди. Аввалида у ўқиши кўплигини баҳона қилган бўлса, кейин ‘Валя ўзини бошқара олмайди, уни ҳали тарбиялаш керак’, деди. Кеча бўлса, тўй Терешкованинг хориж сафарлари сабаб чўзилиб кетаётганини айди».
Келин 26 ёшда, куёв эса — 34 да эди. Николаев чувашайлик бўлган. Уларда аёл эркакнинг айтганларини сўзсиз бажариши одатий тусга айланган. Аммо Валентина «ўзига хос характерга эга қиз» эди. Шу сабабли икки хил дунёқарашга эга космонавтлар ҳатто тўйи куни ҳам урушиб қолган. Николаев турмуш ўртоғи ўзининг фамилиясига ўтишини истаган, аммо Терешкова бутун дунёга танилган фамилиясидан воз кечишни истамаган. Охир-оқибат у Николаева-Терешкова фамилиясида юришга қарор қилган.
Харажатлар — ҳукумат ҳисобидан
Шундай қилиб, Николаев ва Терешковани оила қуришга ҳеч ким мажбурламаган. Бунинг устида 1963 йил октябрида ўтказилажак тўй ҳақида ғарб матбуоти ҳам ёзишни бошлаган. Натижада Андриян Николаев ва Валентина Терешкова барчага оила қуришларини эълон қилган.
Келин-куёв тўйни 2 ноябрь куни Совер армияси Марказий уйида 250-300 киши билан нишонлашни режалаштирган. Улар тўй харажатларининг барчасини ўз ёнида тўламоқчи бўлган.
Аммо 1 ноябрь куни Каманинга Марказий Қўмитадан қўнғироқ қилишиб, тантанали маросим 3 ноябрь куни соат 13:00 да Воробев шоссесидаги Қабуллар уйида бўлиб ўтиши тайинланган. Барча харажатлар — ҳукумат томонидан қопланади, меҳмонлар сони 200 кишида ошмаслиги керак. Тўйга ташриф буюриш истагида бўлганлар бундан анча кўп эди, аммо ҳукумат қарори муҳокама қилинмайди. Меҳмонларни танлаш ҳуқуқи Терешкова ва Николаевнинг ўзига топширилган.
3 ноябрь куни инсоният тарихида биринчи марта космосга чиққан аёл ва эркак эр-хотин бўлганди. «Юлдузли жуфтлик»нинг гувоҳлари космонавт Валерий Биковский ҳамда унинг рафиқаси Валентина эди.
Хрушчёв тўйга Марказий Қўмита ходимлари учун мўлжалланган майдони 100 квадрат метрга тенг 4 хонали уйни тўйхона сифатида тақдим этган. Николаев ва Терешкова уни кўргани борган ва уй уларга жуда ёққан, аммо кейинроқ қандайдир сабабларга кўра совғадан воз кечишган.
1964 йил 8 июнда Валентина Терешкова қиз фарзандини дунёга келтирган, унга Елена деб исм қўйишган. Шикофорлар ростдан ҳам унинг саломатлигини кузатиб борган, аммо у ҳеч қанақа «тажриба қуёнчаси» бўлмаган. Қиз нимжон ва тез-тез касал бўлар эди, бироқ унинг бетоблигини отаси ёки онасининг космосга парвозларига алоқаси бўлмаган.
Елена Николаева улғайиб, шифокорлик касбини танлаган, оила қурган ва ўғил фарзандлар кўрган. Унда ҳеч қандай «космик патология» аниқланмаган.
Валентина Терешкова яна оила қурган, Андриян эса бошқа уйланмаган. Учинчи совет космонавти 2004 йили Чебоксарга сафари вақтида юрак хуружидан вафот этган.
Импичмент эълон қилинган Билл Клинтон
Бундан 30 йил олдин 3 ноябрда Арканзас штати губернатори Уильям (Билл) Клинтон АҚШ президентлиги учун сайловларда ғалаба қозонганди. 1998 йил 19 декабрда эса АҚШ Вакиллар палатаси Клинтонга импичмент эълон қилишга овоз берган. Бунга давлат раҳбарининг Пола Жонс ва Моника Левински билан ишқий муносабатлари ишида ёлғон кўрсатма бергани сабаб бўлган.1998 йилда АҚШнинг 42-президенти Билл Клинтон билан боғлиқ жинсий можаро ўзининг энг юқори чўққисига чиққан. Прокурор Кеннет Старнинг ҳисоботини кўриб чиққан Вакиллар палатаси 19 декабрь куни Клинтонни адолат ўрнатилишига тўсқинлик қилиш ва ёлғон кўрсатма беришда айбдор деб топиб, унга импичмент эълон қилишни овозга қўйган. Клинтон Эндрю Жонсон (1868 йил) ва Ричард Никсондан (1974 йил) кейин судга жалб этилишга уринган Американинг учунчи президентига айланган.
Даставвал Клинтонга республикачи ва Вакиллар палатаси аъзоси Генри Хайд босчилигидаги 13 нафар айбловчидан иборат юридик комиссия тўртта банд бўйича айблов эълон қилган. Уларнинг биринчисига кўра, 1998 йил 17 август куни президент Оқ уйда амалиётга келган Моника Левински билан ишқиб муносабатлари тўғрисида Катта ҳайъатга ёлғон кўрсатма берган.
Иккинчидан, у Арканзас губернатори бўлиб ишлаган вақтида собиқ котибаси Пола Жонсга жинсий тегажоғлиқ қилгани айтилган ишда ҳам ёлғон кўрсатма берган. Ушбу қиз Федерал судга Левинскининг биринчи кўрсатмаларидан тўрт йил олдин, 1994 йил 4 майда даъво аризасини киритган. Жонснинг исми 1996 йилги сайловолди кампаниясида ҳам тилга олинган эди.
Учинчидан, Клинтон ўз адвокатига Левински билан барча муносабатларига оид айбловларни рад этиш бўйича топшириқ берган, Жонс иши бўйича гувоҳларни сотиб олишга, Левински ва шахсий котибаси Бетти Кюрининг кўрсатмаларига таъсир кўрсатишга уринган ҳамда далилларнинг топилишига тўсқинлик қилган. Ва тўртинчидан, Клинтон мансаб ваколатини суиистеъмол қилган.
«Бугун биз сизга айтаётган нарсаларимиз — бу қандайдир катта фитнанинг сафсатаси эмас, балки бизнинг давримизда хиралашган ва қораланган қадриятлар тўпламининг тасдиғидир, аммо бу биз учун уларни қайта тиклаш учун имконияти бўлиб, шундагина асосчиларимиз биз билан фахрланиши мумкин. Бу сизнинг давлатингиз, президент — бизнинг йўлбошчимиз. Байроқ қулаяпти, дўстларим биз тарихга кираётган вақтимизда қулаётган байроқни тутиб қолинг», — деб ёзган прокурор Хайд импичмент резолюциясига.
Клинтоннинг адвокатлар жамоаси импичмент судига жавоб жўнатиб, унда қуйидаги далилларни илгари сурган: гарчи президент ўзини айбсиз деб ҳисобласа ҳам, унга нисбатан икки моддада келтирилган айблов тан олинса ҳам, бу уни лавозимидан четлаштириш учун етарлича асос бўла олмайди.
Аммо оғир айблов давлат раҳбарининг сиёсий карьераси муддатидан олдин тугашига етарли бўлган. Овоз бериш жараёнида фақат биринчи (228 та ёқлаган, 206 та — қарши) ҳамда учинчи (221 га 212) бандлар маъқулланган. 19 декабрь куни Вакиллар палатаси айбловни Сенатга юборган. Мамлакат конституциясига кўра, айнан Сенат Клинтоннинг тақдирини ҳал этиши керак эди.
АҚШ қонунларига мувофиқ, агарга президент лавозимдан озод этилиш бўйича айбдор деб топилса, у жиноий жавобгарликка торилиши ва импичмент бўйича мустақил прокурор унга қарши жиноят иши очиши мумкин.
Клинтонга қарши айбловларнинг асосий қисмини унинг 1995 йил ноябрдан 1997 йил мартга қадар иш жойида Левински билан жинсий муносабатлари ташкил этган. Президент ўз қўли остидаги ходима билан ишқий муносабатларини мутлақо рад этган, бироқ буни исботловчи далиллар талайгина эди — гувоҳларнинг кўрсатмаларидан тортиб, жабрланувчининг кўйлагидаги доғларгача.
2018 йилнинг ноябрида АҚШ телеекранларида машҳур можарога боғлиқ ҳужжатли фильм намойиш этилган. Билл Клинтон ва унинг рафиқаси Хиллари аввалига хиёнатни рад этиб, суратга олиш ишларида қатнашмаган. Аммо собиқ раҳбарига қарши кўрсатмани 45 ёшли Левински беришга қарор қилади. Фильмда, шунингдек, унинг ота-онасини, президент ёрдамчиси ва адвокатларининг изоҳлари ҳам келтирилган.
Мониканинг сўзларига кўра, Клинтон уни жинсий зўравонлик даъвоси ҳақида огоҳлантирган, кейин эса кўрсатма беришдан бош тортишга оид ҳужжатни имзолашни сўраган. Қиз оммавий можаро оиласига зарар етказишидан жуда қўрққан.
Ҳамма сенаторлар навбатма-навбат минбарча чиққан. Улар «айбдор» ёки «айбдор эмас» деган сўзни айтиши керак бўлган холос. Сенсация барибир юз бермаган: биринчи банд бўйича давлат раҳбарининг 45 киши, иккинчисида эса 50 киши айбдор деб топган. Демократларнинг барчаси иккала ҳолатда ҳам президент тарафида бўлган.
Кўп ўтмай, Клинтоннинг асосий айбловчиси прокурор Хайднинг ўзи ҳам ўтмишда оиласига хиёнат қилгани маълум бўлган. Клинтон импичмент эълон қилишдаги омадсизлик сабаб 2001 йил 20 январга қадар президентлигини давом эттирган.
БМТ бош котибининг сирли ўлими
1961 йил 3 ноябрь куни Мьянма (Бирма) вакили У Тан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби вазифасини бажарувчи этиб тайинланган эди. Ташкилотнинг олдинги котиби Даг Хаммаршёлд ўтирган самолёт ҳалокатга учраган эди. БМТ инсонпарварлик миссиясини бошлаб берган, ташкилотнинг ҳақиқатда нетрал позициясини таъминлашга уринган инсоннинг ўлимига ҳалокатига нима сабаб бўлганди? Қуйида шу ҳақида маълумот берамиз.БМТ бош котиби Даг Хаммаршёлд ва яна 15 киши учган Douglas DC-6 самолёти Конго марказий ҳукуматига қарши урушган учувчи томонидан уриб туширилган. Самолёт 1961 йил 18 сентябрь куни Замбия ҳудудида ҳалокатга учраган, БМТ бош котиби Конго исёнчилари етакчиси Моиз Чомбе билан учрашувга кетаётганди.Самолёт қироллик Ҳарбий-ҳаво кучларининг собиқ учувчиси, исёнчилар томонида туриб жанг қилган Ян Ван Рисегем томонидан уриб туширилган. Буни Рисегемнинг ўзи собиқ ҳамкасби Пьер Коппенсга сўзлаб берган. Ҳалокат тергови вақтида Рисегемнинг исми ҳам аниқланган: бельгиялик учувчи гумоналнувчи бўлган, бироқ унинг айбини исботловчи далил топилмаган.
Рисегемга кўра, бу вақтда у ҳалокат ҳудудида миссиясини амалга оширмаётган бўлган. Ўша вақтдаги парвоз варақалари ҳам унинг айбини исботлай олмаган. Аммо БМТ бош котибининг ўлимига бағишланган «Ўлик иш» ҳужжатли фильмида сўз олган учувчилар бундай варақалар сохталаштирилган бўлиши мумкинлигини айтган.
Даг Хаммаршёлднинг ҳалокати бутун дунё учун қайғули кечган. Швециянинг Уппсала шаҳрида ташкил этилган дафн маросимида тобут қопқоғига «Нима учун?» ёзуви туширилганди. Сиёсатчининг ўлими тезда кўплаб миш-мишларни дунёга келтирган. Унинг ҳаёти ва вафоти ҳақида Ғарбда китоблар чоп этилган, ҳужжатли фильмлар ишланган.
1953 йилда Даг БМТ раҳбари сифатида ташкилот суверенитетини мустаҳкамлаш бўйича фаол иш олиб борган. Хаммаршёлд БМТни аввало барча аъзо давлатларга нисбатан нейтрал муносабатда бўлувчи халқаро фуқаролик ташкилоти сифатида кўрган. Зиёли ва киришимли Хаммаршёлд сиёсий музокаралар олиб боришнинг устаси эди. У ҳар қандай суҳбатдошини ўз тарафига оғдира оларди.
Унинг шахсий муваффақиятлари қаторидан Хитой Давлат кенгаши раҳбари Чжоу Энлаэм билан музокаралар ўтказиб, Корея уруши вақтида асирга тушган 15 нафар америкалик учувчининг озод этилиши ёрқин ўрин олган. Расмий жиҳатдан учувчилар бу вақтда жанговар ҳаракатларни БМТ қўмондонлиги остида олиб борган ва шу сабабли музокараларни бош котиб ўтказган.
Музокаралар жуда қийин кечган, Хитой ҳатто БМТ аъзоси ҳам бўлмаган ва жараённи чўзишга уринган. Бироқ Хаммаршёлд муваффақиятга эришиб, барча учувчиларнинг озод этилишига эришган.
Тинчликпарвар кучларини яратиш тўғрисидаги қарор 1956 йили Сувайш инқирози сабаб пайдо бўлган. Унинг мақсади Франция ва Буюк Британия томонидан қўллаб-қувватланувчи Исроилнинг Сувайш канали назорати бўйича Мисрга қарши урушига барҳам бериш эди. Можарони бартараф этиш учун Миср ҳудудига нейтрал халқаро кучларни жойлаштиришга қарор қилинган. Бу БМТнинг биринчи тинчликпарвар операцияси ҳисобланади.
БМТ бош котиби ва ташкилотнинг яна бир катта «бош оғриғи» Африка эди. Кўплаб давлатлар мустамлакачиликка барҳам бериб, ўзини мустақил дея эълон қилар, аммо европаликлар фойдали қазилмаларга бой давлатларни тарк этишни истамасди. Ҳарбий можаролар ортида қитъадаги сўл ҳукуматни қўллаб-қувватлаган СССР ва Африкада «марксизм» тарқалишидан хавотирда бўлган АҚШ турган.
Айнан Конгодаги вазият БМТ Хавфсизлик кенгашининг биринчи фавқулодда йиғилишини ўтказишга сабаб бўлган. Мамлакатнинг марказий ҳукумати раҳбари Патрис Лумумба ташкилотдан ёрдам сўраган, бу вақтда авваллари Конго ҳудудларига эгалик қилган, Бельгия Лумумбага қарши бўлган исёнчилар етакчиси Моиз Чомбега ёрдам кўрсатиб келган. Ўша вақтда исёнчилар тарафида кўплаб бельгиялик ёлланма жангчилар, жумладан, Ян Ван Рисегем ҳам бўлган.
Бу Лумумба тарафида бўлган СССРга ёқмаган, албатта. Ўз навбатида АҚШ ҳам бош котибнинг фаолиятидан норози бўлган: улар мамлакат президенти лавозими эгаллаб келаётган Жозеф Касавубуни қўллаб-қувватлаган. Вашингтон уни Лумумбудан кўра лаёқатли деб ўйлаган. 1961 йили Лумумбу ортида Бельгия ҳукумати турган исёнчилар томонидан ўлдирилгач, СССР раҳбари Никита Хрушчёв БМТ бош котибини янада кўпроқ танқид қилиб, унинг истеъфосини талаб қила бошлаган.
Аммо Хаммаршёл ҳеч қаерга кетишни истамаган: «Ташкилотни шундай қийин ва хавфли вазиятда ташлаб кетиб, унинг меҳнатлари кўкка совурилишига йўл қўйган бўламан. Буни амалга оширишга ҳаққим йўқ, чунки барча аъзо-давлатлар олдида масъулиятим бор. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўз манфаатларини ҳимоя қилиши учун Совет Иттифоқига ҳам ва на бошқа буюк державалар ҳам керак эмас: у қолган барчага керак», деганди Хаммаршёлд.
«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.
Изоҳ (0)