Ушбу ҳафта бошидан Ўзбекистон ҳудудига жанубдан жуда иссиқ ҳаво оқимлари кириб келиши кучаяди, деб хабар бермоқда “Ўзгидромет”.

16—17 июнда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида, 17—19 июнда Ўзбекистоннинг қолган ҳудудларида ҳаво ҳарорати кундуз кунлари 40-42 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда 43-44 даражагача кўтарилади.
Кечалари ҳам ҳаво дим бўлади. Фақат эрталабки соатларда ҳарорат бир оз 24-27 даражагача пасаяди.
Ҳафта охирида ҳарорат бир оз пасаяди, ҳудуднинг катта қисмида кундузги ҳаво ҳарорати 35-38 даража, жанубда 39-41 даража атрофида бўлади. Шу кунларда Ўзбекистон бўйича асосан кам булутли об-ҳаво кузатилади.
16—18 июнь кунлари шимолда ва чўл ҳудудларда, 19-21 июнда республиканинг кўпчилик вилоятларида баъзи жойларда шамол тезлиги 13-18 метр/секундгача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши кутилмоқда.
Тоғли ҳудудларда 20 июнь куни баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ кузатилади.
Тошкентда асосан кам булутли об-ҳаво бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат бугун кундузи 36-38 даража, 17-19 июнда 38-41 даражагача, 20 июнда 35-37 даража бўлади.
Изоҳ (0)