Ҳафтанинг биринчи ярмида Ўзбекистон ҳудудига жанубдан яна қуруқ ва иссиқ ҳаво кириб келади, деб хабар бермоқда “Ўзгидромет”.

Прогнозларга кўра, 23—25 июнь кунлари ҳаво ҳарорати кундуз кунлари 38-41 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда 42-44 даражагача кўтарилади. Бу кунларда республика бўйича асосан кам булутли ва қуруқ об-ҳаво кузатилади. Фақат Қорақалпоғистон Республикасида ва Навоий вилояти шимолида 24—25 июнь кунлари баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин, 25 июнда ҳарорат 26-31 даражагача пасаяди.
Пайшанба куни республиканинг барча ҳудудларида ҳароратнинг пасайиши кузатилади. Ҳудуднинг катта қисмида ҳарорат 30-35 даража атрофида бўлади.
Жума куни ҳарорат бир оз кўтарилади ва 33-36 даражани, баъзи жойларда 38 даражани ташкил этади.
Республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 13-18 метр/секундгача кучайиши кутилмоқда, 25—26 июнда айрим жойларда 20-22 метр/секундгача кучайиши, чанг-тўзон билан кузатилиши мумкин.
23 июнда Фарғона водийсининг айрим тоғли ҳудудларида, 26 июнда республиканинг тоғли ҳудудларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.
Тошкентда асосан кам булутли об-ҳаво бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. 23—25 июнь кунлари ҳарорат асосан кундузи 38-41 даража бўлади, 26 июнда 31-33 даражагача пасаяди, 27 июнда 34-36 даража бўлади.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги жазирама иссиқдан ҳимояланиш учун аҳолига қатор тавсиялар бериб, иложи борича соат 10:00 дан 17:00 гача тик тушадиган қуёш нурлари остида бўлмасликни сўраганди. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ёзнинг жазирамасида қандай кийиниш кераклиги бўйича бир неча тавсиялар берганди.
Изоҳ (0)