Шавкат Мирзиёев 11 июнь куни Хорижий инвесторлар кенгашининг учинчи мажлиси арафасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одил Рено-Бассо бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, Ўзбекистон билан ушбу нуфузли халқаро молиявий институт ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Қўшма лойиҳалар портфели кенгайиб бораётгани қайд этилди. ЕТТБнинг Ўзбекистонга инвестициялари 5,5 миллиард евродан ошди. 2025 йилда яна 1,1 миллиард евро жалб қилиш режалаштирилган бўлиб, унинг катта қисми хусусий секторни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.
Шериклик стратегияси самарали амалга оширилмоқда. ЕТТБнинг фаол кўмаги билан банк соҳасини трансформация қилинмоқда.
Давлат раҳбари ҳамкорлик натижадорлигини ошириш муҳимлигини таъкидлаб, унинг асосий устувор йўналишларини кўрсатиб ўтди. Жумладан:
- сув таъминоти тизимини технологик жиҳатдан модернизация қилиш,
- энергия самарадорлигини ошириш дастурини илгари суриш,
- ипотека бозорини,
- эркин иқтисодий зоналар инфратузилмасини ривожлантириш,
- кичик ва ўрта бизнес имкониятларини кенгайтириш,
- аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш каби йўналишлар.
Таълим ва тиббиёт соҳаларида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини илгари суриш, сунъий интеллектни жорий қилиш ва рақамли трансформацияга қаратилган стартапларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Хорижий инвесторлар кенгашининг бўлажак учинчи мажлиси кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Хорижий инвесторлар кенгаши ялпи мажлиси учинчи бор ўтказилмоқда. Биринчи ялпи мажлис 2022 йилда бўлиб ўтганди. Хорижий инвесторлар кенгаши президентининг 2019 йил 13 ноябрдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган бўлиб, унинг асосий вазифаси илғор жаҳон тажрибаси ва амалиётларига таянган ҳолда Ўзбекистон ҳукуматига мамлакатни инвестициявий, саноат-технологик ва инновацион ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишлари бўйича маслаҳатлар беришдан иборат.
Изоҳ (0)