Шавкат Мирзиёев 31 март куни макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселекторда валюта бозорини барқарорлаштириш борасида кўрилаётган чораларни қайд этди. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар қилди.
Жумладан, валюта бозори ва айирбошлаш курси барқарорлашди, биржада рубль ва юань бўйича савдолар бошланган.
«Бу борада халқимизда ортиқча хавотир ёки безовталик бўлмаслиги керак. Валюта бозорида кескин тебранишларнинг олдини олиш учун захираларимиз етарли», — деган президент.
Марказий банкка пухта ўйланган, оғир ва вазмин валюта ва монетар сиёсатни олиб боришни давом эттириш топширилган.
Марказий банкнинг вилоятлардаги раҳбарлари тадбиркорлар билан ҳар куни учрашиб, уларга валюта бозоридаги вазиятни, экспорт-импорт ҳисоб-китобларини амалга ошириш ва янги кредит механизмларини тушунтириб боради.
Қайд этилишича, халқаро экспертлар жаҳон иқтисодиётидаги ҳозирги мураккаб вазият узоқ давом этишини прогноз қилишмоқда. Масалан, сўнгги бир ойда жаҳон бозорларида буғдой нархи 36 фоизга, шакар хом ашёси 10 фоизга, ўсимлик ёғи нархи 2 баробарга ошган.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)