Тошкент шаҳар Туризм бошқармаси турфирмалар ва тадбиркорларга 5 июнь куни БААга турист юбормаслик чораларини кўришни тавсия этди.

Туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига юборилган хатдан маълум бўлишича, Туризм қўмитасига ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаментининг 2025 йил 29 апрелдаги мурожаати келиб тушган.
Мурожаатда 5 июнь куни Абу Даби шаҳрида Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари футбол терма жамоалари ўртасида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати саралаш босқичининг навбатдаги ўйинига спорт соҳасига ихтисослашган йирик блогерлар томонидан ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон терма жамоасини қўллаб-қувватлаш мақсадида фан-клуб аъзолари билан биргаликда 5 минг нафар Ўзбекистон фуқаросини томошабин сифатида Амирликларга олиб келиш бўйича кенг тарғибот ишлари амалга оширилаётгани келтирилган.

Шунингдек, БААнинг “Ал Ваҳда” футбол жамоаси уй ўйингоҳи 12 минг томошабин сиғимига эгалиги, Осиё футбол конфедерацияси қоидаларига кўра мезбон томондан меҳмон томоннинг томошабинлари учун сиғимнинг 8 фоизини (960 нафар) ажратиш мажбуриятини олади.
Ўзбекистонлик мухлисларнинг ўйингоҳга сиғмаслик эҳтимоли юқори эканлиги, бу эса хавфсизлик билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқариши, талабларининг бузилишига олиб келиши ҳақида маълумот берилган.
Шу муносабат билан, БАА аэропортларида хавфсизлик идоралари томонидан фуқароларни қайтариб юборишга асос сифатида тахмин қилинаётганини инобатга олиб, ушбу кунлари БААга турпакетлар орқали туристларни юбормаслик чораларини кўриш тавсия этилади.
2025 йил 5 июнь куни футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2026 саралаши 3-босқичи доирасида Бирлашган Араб Амирликлари жамоаси билан ўйнайди. Учрашув Абу Дабидаги “Ал-Наҳян” стадионида бўлиб ўтади. Темур Кападзе бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси футболчилари 29 май куни Дубайга етиб борган.
Изоҳ (0)