Футбол бўйича Бирлашган Араб Амирлиги терма жамоаси бош мураббийи Пауло Бенто ўз лавозимидан озод қилинди. Бу ҳақида БАА футбол ассоциацияси матбуот хизмати хабар берди.

Ҳозирча мутахассиснинг нега ишдан олингани маълум қилинмаган. “Биз мураббийлар штаби ва унинг ёрдамчилари билан шартномани бекор қилганимизни расман эълон қиламиз”, дейилади хабарда.
БАА португалиялик мураббий қўл остидаги сўнги ўйинни 25 март куни Шимолий Кореяга қарши ўтказди. Қийин ўтган баҳсда Бенто шогирдлари 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Амирликлар жамоаси ЖЧ—2026 саралаш босқичи А гуруҳида 13 очко билан 3-ўринни эгаллаб турибди.
55 ёшли Пауло Бенто 2023 йил Бирлашган Араб Амирлиги терма жамоаси бошқарувига келган эди. Жамоа унинг қўл остида 26 та учрашув ўтказиб, 14 та ғалаба, 6 дуранг ва 6 мағлубият қайд этди. Мураббийнинг шартномаси 2026 йилга қадар мўлжалланган эди.
Маълумот учун, БАА терма жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионати саралаши доирасидаги навбатдаги ўйинини Ўзбекистонга қарши ўтказади. Учрашув 5 июнь куни бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)