Тошкент шаҳар, Яшнобод туманидаги Оҳангарон шоҳкўчасида 3 июлдан бошлаб транспорт воситалари ҳаракати вақтинча тўхтатилади. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, бунга қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиши сабаб бўлади. ТҲАЙ—Оҳангарон шоҳкўчалари айланма ҳаракатидан Оҳангарон шоҳкўчаси бўйлаб Шарқ ЙПХ масканигача бўлган қисми автомашиналар ҳаракати учун ёпилмоқда.
Чеклов 10 июлгача амал қилади. Ҳайдовчиларга Ҳусайн Бойқаро, Паркент йўли, Хонободтепа, Шоҳимардон кўчаларидан ҳаракатланиш тавсия этилмоқда.
Тошкентда 2 июль куни Роҳат айланма йўлидаги таъмирлаш ишлари сабаб йирик тирбандликлар юзага келгани ҳақида хабар берилганди.
Пойтахт ИИББ ЙҲХБ матбуот хизмати 24 июнь куни қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиши муносабати билан Яшнобод туманидаги Оҳангарон шоҳ кўчасида транспорт воситалари ҳаракати вақтинча тўхтатилишини маълум қилганди. Расмий хабарда Темур Малик—Паркент—Махтумқули кўчалари айланма ҳаракатидан, ТҲАЙ—Оҳангарон шоҳкўчалари айланма ҳаракатигача бўлган қисми ёпилиши кўрсатилган. Ишларни бажариш дастлаб 1 июлгача давом этиши қайд этилганди. Кейинчалик унга ўзгартириш киритилиб, 4 июлгача давом этиши белгиланди.
Изоҳ (0)