Самадова Дилноза Илҳомжон қизи 1997 йилда Бухоро вилоятида туғилган. “Электрон тижорат” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида катта инспектор лавозимида ишлайди. Ҳозирда “Авиаюклар” ташқи иқтисодий фаолият божхона постига сафарбар қилинган.
Юнусобод тумани, 258-мактабда ўқиган, Иқтисодиёт коллежини тамомлаган. 2020 йилда Божхона институтини тамомлаган. Хизматни “Тошкент халқаро аэропорти” чегара-божхона постида бошлаган ва у ерда 3 йил хизмат қилган.

“Кўз олдимга бўйлари баланд, форма кийган божхона ходимаси келарди”
Болаликда турли касбларга қизиққанман. Баъзан мусиқа, баъзан молия-иқтисод. Аммо математикага бўлган қизиқишим сабаб шу йўналишга тортадиган тармоқларга қараб ҳаракатландим, деб ўйлайман. Божхона институтида 4-босқичдан бошлаб тўлиқ амалиёт жорий этилган. Мен Тошкент вилояти ва шаҳридаги божхона постларида амалиёт ўтаганман. Ўқиш мобайнида ҳар доим турли тест синовларида кўз олдимга бўйлари баланд, форма кийган божхона ходимаси келарди. Бу худди орзудек эди. Шу сабабми, эндигина ишга чиққан вақтларим худди азалдан шу ерда ишлаётгандек, ўзимни бегона ҳис қилмасдан ишлаб кетганман, ҳеч бир қийинчилик ҳис этмаганман.
Ҳар бир соҳанинг осон ва мураккаб жиҳатлари бор. Аммо инсон ўз касбини севса, унга қийинчиликлар ҳам осон кўринади.
“Мева ва сабзавотлар мавсумида иш анча кўпаяди”
Иш вақтимиз 09:00 дан 18:00 гача. Иш жойимга келиб, планшетимда менга автоматик тақсимланган кўриклар билан танишаман. Менга мурожаат қилган тадбиркорлар билан боғланаман, улар келишади, товарларнинг жойлашуви ҳамда хусусиятларини ўрганиб чиқаман. Шу кетма-кетликда кўрикларни амалга ошираман. Кунига товарларнинг мураккаблигига қараб ўртача 5–6 та божхона кўрикларини амалга ошираман. Баъзида бу рақам 9–10 тагача ҳам чиқади. Иш ҳажмимиз мавсумга қараб ҳам ўзгариб туради. Масалан, мева ва сабзавотлар мавсумида иш анча кўпаяди. Баҳор, ёз ёки кузда уларни экспорт ва импорт қилиш ҳажми ортади, шунга яраша бизнинг иш кўламимиз ҳам.
“Бундай гўзал миллий буюмларимиз чет элда тақдим қилинаётганидан жуда фахрланганман”
Фаолиятим давомида мен учратган энг ўзига хос товарлар сифатида Намангандаги корхонада Европага экспорт қилиш учун ишлаб чиқарилган миллий дўппиларимиз бўлганини айта оламан. Бундай гўзал миллий буюмларимиз чет элда тақдим қилинаётганидан жуда фахрланганман.
“Энг узоқ кўрик бўйича шахсий рекордим 2 кун”
Фаолиятим давомида энг кўп вақт олган кўрик тахминан 2 кун бўлган. Битта декларацияда 100 хил турдаги бир-бирига яқин тоифадаги товарларни кўрсатиш мумкин. Масалан, битта декларацияда 100 хил мебел жиҳози, дейлик. Агар бу 100 дона стул бўлса, уни текшириш осон, бироқ стол, стул, диван ва ҳоказо турдаги товарлар бўлса, текширишга бирмунча узоқ вақт кетади. Шуни ҳисобга олган ҳолда ҳам энг узоқ кўрик бўйича шахсий рекордим 2 кун, дея оламан тахминан. Товар хусусиятларини охиригача ўрганмай туриб, кўрикдан ўтди, деб бўлмайди. Шу сабаб синчковлик ва эътиборли бўлиш жуда муҳим. Бу борада ишимизда шаффофлик, ҳаққонийликни таъминлаш ҳамда адашмаслик учун лабораториялар билан ҳамкорлик қилиш, тушунмаган жиҳатларимизни улардан аниқлаштириш керак. Кўрикнинг тўғрилиги давлатга келиб тушадиган божхона тўловлари миқдори тўғри ва тўлиқ бўлишини белгилаб беради. Шунга қараб бюджетга 1 ёки 10 сўм тушади, содда қилиб айтсак.

Касбим қизиқадиган спорт туримни белгилаб берган, деб айта оламан
Ишдан кейин теннисга бораман. 5 йилдан буён мунтазам равишда теннис менинг севимли машғулотимга айланган. Бу шиддат, куч ва шижоат талаб этадиган спорт тури. Рақибнинг хатти-ҳаракатларини тўғри баҳолаш, психологик томондан ўрганиш ва уни ютиш жараёни худди ҳаётимиздаги бошқа курашларга ўхшайди. Ишимизда ҳам одамларнинг психологиясини билиш катта рол ўйнайди. Касбим қизиқадиган спорт туримни белгилаб берган, деб айта оламан. 2024 йилги Ёзги Олимпиада ўйинларида аёллар ўртасидаги яккалик баҳсларида олтин медални қўлга киритган хитойлик Зенг Қинвенга ҳавас қиламан. Унинг рақибни ўрганиш тактикаси менга жуда ёқади.
Касбимиздаги жисмоний тайёргарлик нормативлари бизни тарбиялайди, дейишим мумкин. Сабаби ишдан чарчаб чиққан одам спорт машғулотига қатнаши бир қарашда жуда қийин. Аммо шуни синаб кўришга бўлган қизиқиш ва қадам одамни бир поғона ўстиради. Худди шундай касбда ҳам. Бирор топшириқни қанчалик бажара олишга бўлган иштиёқ ‘қўлимдан келмайди’, деган шубҳани йўққа чиқаришга ёрдам беради. Теннисдан ташқари психология ва тил ўрганишга ҳам қизиқаман. Инглиз тилидаги топиклар, айниқса, тилни ўрганиш жараёнимни осонлаштиради.
Агар инсон тартибли бўлса, ҳар иккисини эплаш мумкин
Аёл кишининг ҳам уйда, ҳам ишда бирдек баланс сақлаш масаласи нафақат аёлнинг ўзи, балки унинг турмуш ўртоғига ҳам боғлиқ. Масалан, бизнинг касбда ишда давлат хизмати, уйда рўзғор ташвишларини ҳал қилиш талаб этилади. Агар инсон тартибли бўлса, ҳар иккисини эплаш мумкин. Албатта бунда оила аъзоларининг ёрдами ҳам катта аҳамиятга эга. Мен ҳали турмушга чиқмаганман, лекин шу касбни танлаганимда келгусида елкамда икки баравар масъулият бўлишини билардим.
Кўпчилик савол беради: “Божхонада юкини кўрикдан ўтказаётган тадбиркорлар ўз манфаати йўлида пул таклиф қилган ёки аёл киши эканлигимизни кўриб менсимаган вазиятлар бўладими?”, деб. Аксинча, айтишим керакки, бизни эркаклар билан тенгма-тенг меҳнат қилаётганимизни кўриб, кўплаб одамлар ҳурмат билан муносабат қилишади. Кези келганда мақтаб кетишади ҳам.

Энг керакли хусусиятлар
Бизнинг соҳада энг керакли хусусиятлар сирасига тартиб, масъулият, зийраклик ва синчковликни киритишим мумкин. Божхона постлари турлича, шунга кўра ҳар бири ўзининг алоҳида хусусиятларига эга. Аммо бундан қатъий назар, ҳар бир божхона ходими вазиятни олдиндан ўқий олиши, баҳолаши ва шунга яраша ҳаракат қилиши муҳим.
Касбим менга берган энг катта хусусият бу масъулият. Ишда ҳам, оилада ҳам бирдек масъулиятли бўлишга ўргандим.
“Эрталабдан кайфиятимни позитивликка созлайман”
Тонгда уйғонишим биланоқ алоҳида тайёрланаман. Масалан, ҳар бир берилган кунга шукр қиламан, руҳан тетик ва қувноқ бўлиш учун ўзимга ёққан мусиқаларни тинглайман, кун қандай ўтиши унинг бошланишига боғлиқ, деб ўйлаганим учун эрталабдан кайфиятимни позитивликка созлайман. Балки шунгадир, кўрикка келадиган одамлар билан мулоқот ҳам фақат позитив ўтади. Иш кунимизнинг қандай ўтиши ва касб касаллигига учрамаслик ўзимизни қандай ҳозирлашимизга бориб тақалади, деган фикрдаман.
“Ҳозир кўчада, ёз жазирамасида ишласам, кун келиб салқингина бинода хизмат вазифаларимни бажараман”
Биз бир жойда узоқ вақт ишлашмаймиз. Ҳар 3 йилда иш жойимизни алмаштирамиз. Яъни бугун бу постда бўлсам, кейинроқ бошқа постга ўтаман. Ва шунга қараб юклама, иш шароити каби жиҳатлар ўзгаради. Ҳозир кўчада, ёз жазирамасида ишласам, кун келиб салқингина бинода хизмат вазифаларимни бажараман. Шунинг учун менинг ишим оғирроқ, бошқаларники енгил, деган қарашдан йироқман. Божхона соҳасининг ҳар бир жабҳасини кўришимиз керак. Баъзан офисда ўтириб ақлий меҳнат билан ишлайдиганларнинг масъулияти бизникидан минг карра ортиқ бўлиши мумкин ёки аксинча. Буларнинг барчаси ташқаридан қараганда субъектив.

Энг катта аниқлаган ҳолат
Божхона декларациясида кўрсатилмаган, юк ҳужжатларида йўқ 1 дона ортиқча система хотира серверини текшириб кўрганимизда унинг ишлаб чиқарилган жойи бошқа, экспортчи томонидан ҳеч қандай маълумотсиз юборилганини аниқлаб, божхона қонун бузилиши ҳолатини расмийлаштирдим. Бундай товарнинг 1 донаси 150 минг АҚШ долларини ташкил этади.
Қисқа жавоблар
- Ишда энг кўп босиб ўтган масофам 50 минг қадамдан кўпроқ.
- Соҳамизга кириб келаётган ёш қизларга соҳамизни чуқур ўрганиш, ўзлари таҳсил олаётган жойдаги фанларни чуқур ўзлаштиришларини тавсия қиламан. Бизнинг соҳада масъулият ва билим қадрланади. Шуни билишларини истар эдим.
- 10 йилдан кейин, турмушга чиққан, шу соҳада ишлаётган, оила ва касбини бирдек муваффақиятли олиб бораётган, балки бирор пост бошлиғи, камида подполковник бўларман, деб ишонаман.
- Ҳаётдаги энг катта мақсадим яхши инсон сифатида ном қолдириш. Ҳаётимизда учрайдиган одамлар бизнинг қайсидир жиҳатимизни шакллантиришга кўмаклашади. Мен ҳам келажакда инсонлар тасаввурида фақат яхши ном билан эсланишни истайман. Нафақага чиққач хайрия билан шуғулланишни мақсад қилганман.
Изоҳ (0)