Вазирлар Маҳкамасининг 22 июлдаги қарори билан ер қаъридан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган жисмоний шахсларни пул мукофоти билан рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, ҳуқуқбузарлик видеотехника воситалари орқали қайд этилиши ҳамда “Геомониторинг” тизими орқали Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекциясига юборилиши лозим.
Фото ва видео материалларда қуйидагилар акс эттирилиши керак:
- содир этилган ҳуқуқбузарлик;
- ҳуқуқбузарлик содир этган шахс тўғрисидаги маълумотлар (агар мавжуд бўлса);
- ҳуқуқбузарлик содир этилган манзил, сана ва вақт.
Фуқаро фото ва видеоматериалларни ушбу ахборот тизимига юборишда қуйидагиларни тўлиқ кўрсатиши лозим:
- исми, фамилияси, отасининг исми, доимий яшаш манзили;
- уяли телефон рақами, банк пластик картаси рақами ва электрон манзили;
- ҳуқуқбузарлик содир этилган жой, сана ва вақт;
- ҳуқуқбузарлик содир этган шахс тўғрисидаги маълумотлар (агар мавжуд бўлса).
Фото ва видео материаллар 15 иш кунида кўриб чиқилади.
Уларни юборган шахслар қуйидаги миқдорларда пул мукофоти билан рағбатлантирилади:
- кенг тарқалган норуда фойдали қазилмаларни қонунга хилоф равишда қазиб олиш ёки бошқа жойга ташиш бўйича — ҳуқуқбузардан ундирилган маблағлар ҳисобидан БҲМнинг 1 баравари (375 минг сўм, 1 августдан — 412 минг сўм);
- фойдали қазилмаларни қазиб олиш, минерал хом ашёни қайта ишлаш соҳасидаги бошқа ҳуқуқбузарлик бўйича — ҳуқуқбузардан ундирилган жарима миқдорининг 5 фоизи.
Ҳуқуқбузарликлар акс эттирилган фото ва видеоматериалларга ҳар қандай тарзда ўзгартириш киритиш тақиқланади. Ўзгартириш киритилган фото ва видеоматериаллар кўриб чиқилмайди. Ҳажмини кичрайтириш мақсадида видеоёзувнинг бевосита ҳуқуқбузарлик акс эттирилган қисмини кесиб олиш бундан мустасно. Қоида тариқасида, видеоёзувнинг давомийлиги 120 сониядан ошмаслиги лозим.
Ўзбекистонда ер қаъридан фойдаланиш қоидабузарликлари ҳақида хабар берган фуқаролар пул мукофоти олиши “Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорида белгиланди.
Изоҳ (0)